Энергетика вазири Бухорода газ таъминоти тизими тайёргарлигини ўрганди
Газ таъминоти соҳасида хизматлар барқарорлигини таъминлаш, техник инфратузилмани такомиллаштириш ва фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб бериш имкониятларини ошириш доимий эътибор талаб этади.
Бунинг учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш билан бир қаторда, малакали мутахассислар тайёрлаш ва хизматларнинг амалий салоҳиятини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу йўналишларда Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ишлар энергетика вазири Шерзод Хўжаев ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Маъруфхон Хўжаев иштирокида ўрганилди.
Ўрганиш давомида “Ҳудудгаз Бухоро” филиалининг авария ҳолатларида фойдаланиладиган моддий-техник базасига алоҳида эътибор қаратилди. Филиал ҳудудидаги захира омбори қайта қурилиб, кенгайтирилгани натижасида зарур ускуна ва жиҳозларни сақлаш ҳамда улардан тезкор фойдаланиш имкониятлари оширилди.
Авария хизматларининг сафарбарлик имкониятлари ҳам кенгайтирилган. Хусусан, 14 та махсус бригада хизмат автотранспортлари ва ҳимоя анжомлари билан таъминланган. Таъмирлаш ишларида фойдаланиш учун 65 та газ пайвандлаш аппарати тайёрланган. Шунингдек, эҳтиёж юзага келган ҳолларда фойдаланиш мақсадида 5 минг дона маиший газ баллони захираси шакллантирилган.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, ушбу имкониятлар газ тармоқларидаги техник муаммоларни бартараф этишда хизматларнинг ҳаракатчанлигини ошириш ва таъмирлаш жараёнларини зарур воситалар билан таъминлашга қаратилган.
Вилоятдаги яна бир муҳим йўналиш эса соҳа мутахассисларини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришдир. Бухоро туманида қурилаётган ўқув-амалиёт майдончаси айнан шу мақсадда ташкил этилмоқда. Бу ерда дуал таълим асосида ёшларнинг назарий билимларини ишлаб чиқариш тажрибаси билан бойитиш, уларни касбий фаолиятга тайёрлаш учун имкониятлар яратилади.
Ташриф якунида соҳа вакиллари олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, мавжуд техник ва моддий ресурслардан мақсадли фойдаланиш, авария хизматларининг тезкорлигини таъминлаш, эҳтимолий носозликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда газ истеъмолчиларига барқарор хизмат кўрсатиш бўйича ишларни тизимли давом эттириш топширилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА