Энергетика соҳасида таълим олиш имконияти кенгаймоқда
Ўзбекистонда ёшларни замонавий талабларга жавоб берадиган, юқори малакали мутахассислар сифатида тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, давлат грантлари ва қулай ўқиш имкониятларини кенгайтириш орқали тенг ва очиқ шарт-шароитлар яратиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Энергетика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича етакчи таълим муассасаларидан бири - Тошкент шаҳридаги “MEI” Миллий тадқиқот университети Федерал давлат олий таълим муассасаси филиалида таълим жараёнлари юқори савияда ташкил этилган.
Айни пайтда бу ерда қабул жараёнлари фаол давом этмоқда.
Бу ҳақда мазкур филиал декани Бахтиёр Мамасолиев қуйидагиларни маълум қилди:
- Давлатимиз раҳбарининг 2019 йилдаги тегишли қарорига асосан мазкур филиал ташкил этилган бўлиб, у энергетика соҳасидаги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилади. Айни вақтда бу ерда кундузги таълим шаклида 7 йўналишда 280 нафар, сиртқи таълимда эса 6 йўналишда 316 нафар, жами 596 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Филиал 2025/2026 ўқув йили учун абитуриентларни қабул қилишни бошлаган. Кундузги таълим шакли бўйича иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси (50 ўрин), электр энергетикаси ва электр техникаси (50 ўрин), иқтисодиёт (25 ўрин), электроника ва наноэлектроника (25 ўрин), сифатни бошқариш (25 ўрин) йўналишларида ўринлар ажратилган.
Шу билан бирга, муқобил (сиртқи) таълим шакли бўйича ҳам қабул амалга оширилади. Хусусан, иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси, электр энергетикаси ва электр техникаси, иқтисодиёт йўналишларининг ҳар бирига 25 тадан ўрин ажратилган.
Айтиш жоизки, бу филиалда талабаларнинг 30 фоизи давлат гранти асосида таълим олади. Шунингдек, давлат бюджети ҳисобидан мутлақо бепул таълим олиш имконияти ҳам мавжуд. Бу эса кўплаб ёшлар учун таълим олишда молиявий енгиллик яратиб, уларнинг келажакда юқори малакали мутахассис бўлиб шаклланишига хизмат қилади.
Ҳужжатларни қабул қилиш жараёни бошланган бўлиб, абитуриентлар 15 августга қадар ариза топширишлари мумкин. Бу имконият энергетика, иқтисодиёт ва техник йўналишларда билим олишни мақсад қилган ёшлар учун муҳим босқич саналади.
“MEI” Миллий тадқиқот университети филиалида таълим олиш ёшлар учун нафақат замонавий билим ва амалиётни ўзлаштириш, балки давлат гранти ёки бюджет ҳисобидан бепул таълим олиш имкониятини ҳам тақдим этади. Бу имкониятдан унумли фойдаланиш муваффақиятли касб ва баркамол ҳаёт сари қўйилган муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА