Электр энергетикаси соҳаси хавфли ва мураккаб ишлаб чиқаришлар тоифасига кирганлиги боис ундаги ҳар бир ҳаракат ва қадам амалдаги норматив ҳужжатларга қатъи риоя этилган ҳолда амалга оширилиши шарт.
Норматив ҳужжатлар талабларининг ҳар қандай бузилиши инсон соғлиги ва ҳаётига хавф туғдириши, мураккаб технологик жараёнларнинг ўзгариб кетиши, авариялар келиб чиқиши, қимматбаҳо ускуналарнинг ишдан чиқиши каби оғир оқибатларга олиб бориши мумкин.
Шунинг учун соҳадаги норматив ҳужжатларнинг ўрни ва ходимлар томонидан уларнинг чуқур ўзлаштирилганлиги жуда муҳим. Норматив ҳужжатлар ходимлар томонидан чуқур ўзлаштирилиши учун эса улар тушунарли тилда, аниқ ва равон ёзилган бўлиши керак.
Мустақиллик давригача электр энергетикаси соҳасидаги барча ҳужжатлар – қоидалар, низомлар, йўриқномалар, услубий қўлланмалар ва бошқалар фақат рус тилида бўлганлиги маълум. Шунингдек, соҳадаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фақат рус тилида ишлаб чиқилган ва Адлия вазирлигида фақат рус тилида давлат рўйхатидан ўтган.
Юзага келган ҳолат соҳа ходимлари томонидан норматив ҳужжатларнинг ўзлаштирилишида жиддий қийинчиликлар туғдириб, қисқа муддатларда мавжуд ҳужжатларни амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирган ҳолда ўзбек тилида қайтадан ишлаб чиқилишини ва қонунчилик билан ўрнатилган тартибда амалга киритилишини тақазо этди.
Ушбу йўналишда “Ўзэнергоинспекция” томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чораги мобайнида катта ишлар амалга оширилди.
Соҳа учун катта ҳажмдаги “Электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари”, “Энергетика ташкилотлари учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари”, “Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари”, “Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари” каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг деярли барчаси ўзбек тилида қайтадан ишлаб чиқилиб, барча алоқадор вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томондан тасдиқланиб, амалга киритилди.
Бундан ташқари, “Иссиқликдан фойдаланувчи ускуналар ва иссиқлик тармоқларини техник эксплуатация қилиш қоидалари”, “Иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалар ва иссиқлик тармоқларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари” ҳамда “Электр энергетикаси корхоналари учун ходимлар билан ишлаш қоидалари” каби ҳужжатлар ўзбек тилида тўлиқ қайтадан ишлаб чиқилиб, ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланиш жараёнида.
Ўзбек тилидаги “Ўзбекистон Республикаси электр станциялари ва тармоқларини техник эксплуатация қилиш қоидалари” ҳуқуқий экспертизидан ўтказилиши учун Адлия вазирлигига киритилишига тайёрланди. Шунингдек, катта ҳажмдаги “Электр қурилмаларнинг тузилиши қоидалари”нинг I ва II қисмини ўзбек тилида қайта ишлаб чиқиш бўйича ишлар тугалланмоқда.
Ушбу, қолган ҳужжатларнинг амалга киритилиши билан электр энергетикаси соҳасидаги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўзбек тилида қайта ишлаб чиқилган бўлади.
Абдурасул УСМОНОВ,
“Ўзэнергоинспекция” Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни
ишлаб чиқиш бошқармаси бошлиғи