Бугун “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиалида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган навбатдаги тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, коррупция ҳар қандай давлат ва жамият учун жиддий таҳдид ҳисобланади. У ишонч ва адолатни заифлаштириб, иқтисодий ривожланишни секинлатади ҳамда жамиятда ноаниқлик ва норозиликни кучайтиради. Ҳар бир ташкилот ва ходимнинг вазифаси коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, қонунчиликка қатъий риоя қилиш ва очиқ, шаффоф иш муҳитини таъминлашдир.
Тадбирда иштирокчиларга коррупция тушунчаси, унинг салбий оқибатлари, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш механизмлари ҳамда хизмат вазифаларини ҳалол ва масъулият билан бажаришнинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, ходимлар ўртасида корпоратив маданиятни мустаҳкамлаш, қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш ва ички назорат тизимларини самарали йўлга қўйиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Филиал директори Анвар Расулов таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти. Электр тармоқлари соҳасида ишончлилик, тизимлилик ва шаффофликни таъминлаш фақат техник модернизация билан эмас, балки инсоннинг ҳалоллиги ва масъулияти билан ҳам бевосита боғлиқ.
– Коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Ҳар бир ходим ўз фаолиятида қонун талабларига таяниши, хизмат манфаатларини шахсий манфаатлардан устун қўйиши ва жамоада очиқ иш муҳитини қарор топтиришга ҳисса қўшиши зарур. Филиалда комплаенс назоратнинг кучайтирилиши, ички тартиб-қоидаларнинг такомиллаштирилиши ҳамда профилактик тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши айнан шу мақсадга хизмат қилади, – деди А.Расулов.
Шунингдек, тадбирда коррупция хавфларини камайтириш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, электрон хизматлардан кенг фойдаланиш ва иш жараёнларини рақамлаштириш каби масалалар муҳокамасига кенг урғу берилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА