Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Республика Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги туман бўлими ҳамда Кадастрлар палатасининг туман филиали биноси фойдаланишга топширилди.
Энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлган мазкур замонавий иншоотнинг очилиши туман аҳли, жамоатчилик вакиллари, нуронийларга шодлик улашди.
Вилоятдаги кадастр хизматини кўрсатувчи муассасалар жойларда ҳали у, ҳали бу идораларга ижарама-ижара юриб фаолият юритиб келаётган эди. Табиийки, бу давлат хизматчиларига қийинчилик, аҳоли учун оворагарчиликларни келтириб чиқарарди.
Тўрақўрғон марказидаги Янгиобод маҳалласи ҳудудида қад ростлаган икки қаватли иморат “Лочин таъмир қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан барпо қилинди. Бунинг учун 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
15 та кенг ва шинам хона, юқори тезликдаги интернет, янги мебеллар, стол-стуллар ва 70 та замонавий компьютер билан жиҳозланиб, ҳужжатларни сақлаш, учун барча қулайликлар мавжуд. Мурожаат этувчилар учун қулай.
Бугунги кунда янги тартиб асосида ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали халқимиз ва тадбиркорларга ўндан ортиқ электрон хизмат кўрсатилмоқда. Биргина, Тўрақўрғон туманидаги кадастр хизматларини оладиган бўлсак, кунига 75-80 тадан ортиқ электрон мурожаат қабул қилинмоқда.
– Кадастр соҳасида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугунги кунда туманимизда 17 минг 604 гектар ер майдонлари рақамлаштирилди ва электрон харитада аниқ жойи, чизмаси, чегараси ахборот тизимига киритилди, электрон ҳисобга олинган 8 минг 565 та ердан фойдаланувчининг 17 минг 412 гектар ер майдонлари давлат рўйхатидан ўтказилди, – дейди Кадастрлар палатаси Тўрақўрғон тумани филиали бошлиғи Комилжон Эргашев. – Туманимизда жами 43 минг 593 та аҳоли турар жойи бўлиб, улар 42 минг 36 гектар ер майдонини эгаллаган. Нотурар жой объектлари эса 2 минг 99 тани ташкил этади. “Маҳаллабай” тизими асосида иш олиб борилгани натижасида қўшимча қурилишлар аниқланиб, улар ҳам ҳисобга олинмоқда.
Мана шундай замонавий кадастр биноси яқин кунларда Чортоқ туманида ҳам фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Келгуси йилларда вилоятнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич кадастр бинолари қурилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА