Кадастр идорасида очиқ эшиклар куни
Наманганда республика Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармалари томонидан “Кадастр соҳасини коррупциядан ҳоли тизимга айлантирамиз” мавзусида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисининг 2025 йил 14 ноябрдаги баёни билан тасдиқланган “Аксилкоррупция ойлиги” доирасида бўлиб ўтган тадбирда вилоят адлия бошқармаси, ҳамкор идора ва ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашиш бўлими ходимлари, ёшлар ва фуқаролар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Баҳромжон Фозилов, Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси бошлиғи Музаффар Турсунбоев бошқармаларнинг айни тегишли йўналишда фаолият юритаётган бош мутахассислари тарафидан тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик бўйича қилинган ишлар ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганидек, биргина 2025 йилнинг ўтган даврида коррупцияга қарши кураш борасида меҳнат жамоаларида юздан ортиқ умумпрофилактик маърузалар, 37 маротаба якка тартибдаги профилактик тарбиявий ишлар, учрашув ва суҳбатлар, фуқароларнинг кадастр тизими фаолияти ҳақидаги ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида, соҳа мутахассислари билан биргаликда вилоятдаги 30 га яқин маҳаллаларда ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган давра суҳбатлари ўтказилди.
“Очиқ эшиклар куни” тадбири кўтаринки руҳида, иштирокчиларнинг фаол, эркин, савол-жавоблари тарзида, қизиқарли маълумотларга бой тарзда ўтди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.