Энди ғолиблар халқаро турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади
Мамлакатимизда болалар спортини, айниқса, мактабгача таълим ташкилотларида бадиий гимнастикани ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб боғчаларда “Гимнастикага илк қадам” дастури жорий этилди.
Ана шу қарор ижроси доирасида ҳудудларда ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни спортга кенг жалб қилиш ва халқаро майдонларга тайёрлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жиззах вилоятининг Зомин туманида ўтказилган “Spring flowers” (Баҳор гуллари) республика очиқ турнири ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасига айланди. Унда Жиззах шаҳридаги 12-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари бадиий гимнастика бўйича муносиб иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритишди.
Мусобақада жажжи спортчилар — Бибисора Норпўлатова, Омина Улуғбекова, Муниса Тоирова ҳамда Имона Норпўлатова нафақат маҳорат, балки саҳна маданияти, ҳаракатлар нафосати ва чиқишлардаги уйғунлик билан ҳам ҳакамлар эътирофига сазовор бўлишди. Қалбларга қувонч улашган чиқишларни томошабинлар ҳам чин дилдан олқишлашди.

Энг муҳими, ғолиб жамоа энди жорий йил август ойида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Бу эса жажжи гимнастикачилар учун катта ишонч ва янада юксак марралар сари ташланган муҳим қадамдир.
Тарбияланувчилар мусобақага 12-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жисмоний тарбия йўриқчиси Нозима Мелиева раҳбарлигида пухта тайёрланди.

— Бугун мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилмоқда. Президент қарорлари асосида боғчаларда гимнастика машғулотларининг йўлга қўйилгани жажжи қизларда спортга қизиқишни янада оширди. Биз ҳам тарбияланувчиларнинг иқтидорини эрта аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, — дейди 12-сонли ДМТТ директори Мамлакат Эрматова.
Мамлакат опанинг таъкидлашича, муассаса тарбияланувчиси Бибисора Норпўлатова нафақат спортда, балки интеллектуал йўналишларда ҳам юқори натижаларни қўлга киритмоқда.
— Куни кеча Самарқанд шаҳрида ўтказилган ментал арифметика бўйича халқаро турнирда ҳам Бибисора фахрли 2-ўринни эгаллади. Энг муҳими, у 7 та хорижий давлатга ваучер ютиб олди ва эндиликда ўз танловига кўра мазкур давлатларнинг бирига бориш имкониятини қўлга киритди. Бу эса ёш авлодга яратилаётган имкониятларнинг амалий ифодасидир, — дейди Мамлакат Эрматова.
Қайд этиш жоиз, “Spring flowers” республика очиқ турнири ёш гимнастикачиларнинг маҳорат алмашиши, иқтидорларини намоён этиши ҳамда халқаро мусобақаларга сараланиши учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири