“Судлар фаолиятининг рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган янгиликлар, яъни судлар фаолиятида жорий қилинган замонавий технологиялар амалиётда қандай ишламоқда?
Буни билиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри ва Қибрай туманидаги судлар ҳамда Олий судга ташриф буюрди.
Айтиб ўтиш керакки, судлар фаолиятида замонавий технологиялар кенг жорий этилгани фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни қулайлаштирди. Қолаверса, бу судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бермоқда.
Судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш, улар учун одил судловдан фойдаланишда харажат ва вақтни тежайдиган қулай имкониятлар яратиш бўйича ишларни жадаллаштириш замон талаби ҳисобланади.
Шу муносабат билан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий суд томонидан тақдим этилаётган “Судлар фаолиятининг рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлади.
Қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 3 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши муносабати билан уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, процессуал-ҳуқуқий тартибларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Президент қарорига мувофиқ судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида зарур тадбирлар амалга оширилган бўлса-да, улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмаган.
Жумладан, Олий суд ахборот тизими 28 та давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилинди. Натижада ишни кўриш учун зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда бевосита давлат органларидан электрон шаклда олиш тартиби жорий этилди.
[gallery-6636]
Тарафларни “SMS” хабар ва электрон почта манзили орқали суд мажлисига чақириш, суд ҳужжатларини тарафларга онлайн тарзда тақдим этиш имконияти яратилди.
Олий суднинг Интерактив хизматлар порталида (my.sud.uz) қўшимча равишда 10 га яқин интерактив хизматлар ишга туширилди.
Суд харажатларини электрон тарзда тўлаш, ишлар ҳолатини онлайн кузатиш, суд чақирув қоғозини электрон кўринишда олиш, суд мажлислари жадвали билан онлайн танишиш, суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа тизими орқали қатнашиш мумкин.
Мазкур замонавий технологиялар ишлашини таъминлаш мақсадида янги қонун лойиҳаси билан процессуал кодексларга қуйидаги нормаларни киритиш таклиф этилмоқда:
2022 йил 1 июлдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан иқтисодий судларга даъво аризаси (ариза)ни фақат электрон шаклда тақдим этиш тартиби белгиланмоқда.
2023 йил 1 январдан бошлаб мазкур тартибни жиноят, фуқаролик ва маъмурий судларга жорий этиш назарда тутилмоқда.
Тарафлар ва процесс бошқа иштирокчиларининг судда кўриб чиқилаётган иш ҳолатини масофадан туриб онлайн кузатиб бориш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.
Суд мажлиси вақти ва жойи ҳақидаги маълумотни олмаганлик билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида “SMS” хабар ёки маълумот тарафларнинг ўзлари маълум қилган телефон рақами ва электрон почта манзилига юборилади ва улар суд хабарномасини очиб ўқиганлиги ҳақидаги ҳисобот суднинг ахборот тизимига келиб тушади.
2022 йил 1 июлдан бошлаб иқтисодий судларнинг қарорларини тарафларга Интернет тармоғи, “SMS” хабар ва электрон почта манзили орқали электрон шаклда тақдим этиш имконияти белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси судлар фаолиятига жорий этилган замонавий технологиялардан фойдаланишнинг процессуал асосларини белгилаш билан бир қаторда ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА