Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарма бошлиғи Фируза Турғунова 2025 йилнинг биринчи чораги давомида электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2025 йил I чорагида 7,7 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 100 фоизга бажарилди. Шу билан бирга, иссиқлик энергияси белгиланган 1,3 миллион Гкал ўрнига 1,4 миллион Гкал ишлаб чиқарилиб, режа 100,08 фоизга адо этилди.
Шунингдек, 2025 йилда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 17 та инвестиция лойиҳаси доирасида 701,9 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиши режалаштирилган. Жорий йил I чорагидаги маблағ 53,3 миллион доллар бўлган бўлса, амалда 138,5 миллион доллар ўзлаштирилиб, 259,9 фоиз ижро таъминланди.
Фируза Турғунованинг таъкидлашича, айни пайтда “Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти сўнгги нуқталарида жойлашган 6 та маҳаллада когенерация лойиҳаларини амалга ошириш” доирасида Сергели тумани ва Юнусобод туманидаги 4-сон иссиқлик маркази ҳудудида 100 МВт қувватга эга газ-поршенли қурилма барпо этилмоқда. Шунингдек, “Талимаржон ИЭС” АЖда умумий қуввати 1 065 МВт, “Навоий ИЭС” АЖда 650 МВт бўлган замонавий буғ-газ қурилмалари қурилиши ҳам давом эттириляпти.
– Корхона олдида турган муҳим вазифалардан бири маҳсулот таннархини пасайтиришдир. Бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2025 йил январь-март ойларида маҳсулот таннархи 410,8 миллиард сўмга пасайтирилиб, режа 103,4 фоизга бажарилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 13,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 14,2 миллиард сўмга етиб, 107 фоиз ижро этилди. Кооперация алоқалари бўйича 20 миллиард сўмлик хизмат ва маҳсулотлар хариди режалаштирилган бўлиб, амалда 21,1 миллиард сўм ёки 106 фоиз бажарилди, –деди у.
Тадбир якунида таъкидланишича, маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқалари ҳисобига 2,5 миллион АҚШ доллари қийматида импортни оптималлаштириш кўзда тутилган, амалда эса 2,7 миллион долларлик импорт ўрни босилиб, прогноз 109 фоизга бажарилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА