Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилоят бошқармаси томонидан қарздорларнинг номидаги мол-мулклари турган жойини аниқлаш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида самарали ва тезкор қидирув тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Бюронинг Қизилтепа туман бўлими иш юритувига “L.H.“ фермер хўжалигидан 14 та жами 24,6 млн. сўмлик электр энергияси, солиқ ва давлат божи қарздорликларини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари келиб тушган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор “L.H.“ фермер хўжалигининг раҳбари қарздорликни ихтиёрий тўлаши учун бир неча бор огоҳлантирилган, бироқ қарздорликлар қоплаб берилмаган.
Натижада давлат ижрочиси томонидан фермер хўжалигининг ҳисоб рақамларига банд солиниб, барча мулкларига тақиқ қўйилган ҳамда “ISUZU” русумли автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинган.
Тезкор қидирув тадбирлари давомида туман ҳудудида ҳаракатланиб келаётган қарздорнинг “Оқ тойчоғи" қидириб топилиб, Бюронинг Қизилтепа туман бўлими автотураргоҳига жойлаштирилди.
ЎзА