Қарздорликни ундириш мақсадида микроавтобус хатланди
Қарздорлик ҳолатларини бартараф этиш, ундирув билан боғлиқ суд қарорлари ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий ижро чоралари қўлланилмоқда.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2026 йил 16 июлдаги ижро варақасига асосан, қарздор С.М.дан ундирувчи масъулияти чекланган жамият фойдасига 334 миллион 371 минг 743 сўм ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати 2026 йил 27 август куни Мажбурий ижро бюросининг Сергели туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Бироқ, қарздорга қарзни ихтиёрий равишда тўлаш учун берилган муддат давомида мажбурият бажарилмагани сабабли, қарздорликни мажбурий тартибда ундириш чоралари кўрилган.
Қарздорликни ундириш жараёнида Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси Ш.Яхшиликов томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли микроавтобус хатланиб, белгиланган тартибда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Айни пайтда қарздорликни қоплаш мақсадида хатланган автотранспорт воситасини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу чоралардан кўзланган мақсад — суд ҳужжати ижросини таъминлаш, ундирувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мавжуд қарздорликни қонуний тартибда қоплашдан иборат.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА