Хабарингиз бор куни кеча, Ўзбекистон терма жамоаси Гонконг термасига қарши сафарда майдонга тушиб, 2:0 ҳисобида зафар қучди. Ушбу ўйиндаги голларга Элдор Шомуродов ва Рустам Ашурматов муаллифлик қилди.
Ушбу ўйинда гол урган Элдор Шомуродов терма жамоамиз таркибида урган голлари сонини 39 тага етказиб олди ва миллий жамоада тарихимиздаги энг кўп гол урган футболчи сифатидаги рекордини янгилади.
Маълумот учун, Элдор терма жамоамиз сафида 2015 йилдан буён учрашувларда майдонга тушади ва илк голини учинчи ўйинида – Осиё чемпионатининг саралаш турнирида Баҳрайн дарвозасига киритган. У ўтган йиллар давомида Ливан, Канада, Ироқ, Грузия, Гонконг, Омон, Япония, Туркманистон, Тожикистон, Хитой, Яман, Саудия Арабистони, Сурия, Сингапур, Фаластин, Эрон, Швеция, Қирғизистон, Қозоғистон, Коста-Рика, Жанубий Судан, Уганда ва Малдив ороллари ва Боливия терма жамоалари дарвозасига гол урган.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Элдор Шомуродов энди Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги ҳар бир урган голи рекорд сифатида тарихда қолади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси тўпурарлари рўйхатида Элдор Шомуродовдан сўнг, Максим Шаских 34 та , Александр Гейнрих 31 та ва Миржалол Қосимов 30 та гол билан бормоқда. Шу ўринда мазкур футболчиларнинг барчаси ўз фаолиятларини якунлаган. Ҳозирги кунда Элдор ўрнатаётган рекордларни фақатгина Игор Сергеев ўзгартириши мумкин. Шу кунда унинг ҳисобида 18 та гол бор.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА