Бангладеш терма жамоасига қарши баҳсда ҳам мағлуб бўлдик
2027 йил Хитойда бўлиб ўтадиган 17 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал босқичи учун саралаш баҳслари давом этмоқда.
Маҳлиё Сарикова бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 қизлар терма жамоаси ҳам мазкур саралаш баҳсларида иштирок этмоқда.
Қизларимиз дастлабки турда Филиппин терма жамоасига қарши баҳс олиб бориб, мағлубиятга учраган эди. Саралашнинг иккинчи турида вакилларимиз Бангладеш терма жамоасига қарши майдонга тушди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларидаёқ рақиб жамоа ҳисобни очди. Биринчи бўлим якунига қадар терма жамоамиз вакиллари ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
Танаффусдан кейинги ҳаракатларда ҳам қизларимиз рақиб дарвозаси томон бир қатор ҳужумлар уюштирди. Бироқ яратилган имкониятлардан самарали фойдаланилмади.
[gallery-31841]
Учрашувнинг якуний қисмида Бангладеш терма жамоаси яна бир бор дарвозамизни ишғол қилди. Натижада баҳс 2:1 ҳисобида рақиблар фойдасига якунланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон U-17 қизлар терма жамоаси саралаш босқичидаги иккинчи учрашувида ҳам мағлубиятга учради.
Саралаш баҳслари 11 октябрга қадар давом этади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА