Ўзбекистоннинг Париждаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Ғаниев ушбу мамлакат Сенати таркибидаги “Франция – Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи раиси Эрви Морей ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи Дэвид Рос билан биринчи ишчи учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида икки давлат муносабати, жумладан парламентлар аро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва алоқаларни янада ривожлантириш истиқболи муҳокама этилди.
Э.Морей Франция Марказий Осиё мамлакатлари билан парламент дипломатияси соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлашга интилаётганини айтиб, Ўзбекистон мамлакат ташқи сиёсатида устувор ўрин тутишини таъкидлади.
Шунингдек, томонлар юртимизда бўлиб ўтадиган навбатдаги парламент сайлови масаласига ҳам тўхталди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳар икки палатасида Франция парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилган. Ҳамкор давлат Сенатида “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи, қуйи палата – Миллий ассамблеяда “Франция – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи фаолият юритмоқда.
Муҳарама Пирматова, ЎзА