Ҳар бир касб эгаси ҳалолликни ўз олдига мақсад қилса, ҳурмат-обрў топади. Нафс куйига кирганлар эса қилмишига яраша албатта, жазо олади.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўрилган судланувчи Н.А(аёл)га оид Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан очилган жиноят иши ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Унга кўра, Н.А 2009 йилдан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилояти филиали шифокор-наркологи ва 2022 йилдан ихтисослаштирилган тиббиёт комиссияси аъзоси, наркологик экспертизаларни назорат қилиш шифокор-наркологи лавозимида ишлаб келган. У ўзига берилган наркология экспертизаларини ўтказиш ва хулосалар бериш, экспертиза ўтказилишини назорат қилиш каби ваколатлардан фойдаланиб, давлат муассасасининг мансабдор шахси бўлгани ҳолда, ноқонуний йўллар билан бойлик орттиришни кўзлаган кўринади.
Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси Ғ.А.нинг иш юритувидаги жиноят иши бўйича фуқаро Х.А.га нисбатан чиқарилган қарорга асосан судга оид наркология экспертизаси тайинланган. Шифокор Н.А ўз хизмат ваколатидан келиб чиқиб, суд наркология экспертизасидан ўтиш мақсадида келган Х.А.ни экспертиза кўригидан ўтказиб, уни гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилишга ружу қўйганлигини, унга нисбатан мажбурий тиббий даволанишга муҳтожлиги ҳақида хулоса берилишини, агарда 2 миллион сўм пул берса экспертиза хулосасини ижобий ҳал қилиб беришини маълум қилади.
Шундан кейин у Х.А томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилган аризага асосан шифокор-нарколог хизмат хонасида кимёвий ишлов берилган 1 миллион 500 минг сўмни олган вақтида ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Мазкур жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилиб, судланувчи Н.А.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, Жиноят Кодексининг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳамда Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Суд ҳукмидан норози бўлиб ёзган шифокор аёлнинг апелляция шикояти Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, суднинг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Бу ҳақида Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси А.Шералиев маълум қилди.
М.Сулаймонов,
ЎзА