Экотуризм: имконият, имтиёз ва самара
Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса музейида “Юртимизда туризм истиқболлари” шиори остида саёҳат ташкил этилди.
27 сентябрь “Халқаро туризм куни” муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти ташкилоти ташаббуси билан ўтказилган тадбирда экотуризм ва унинг истиқболлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек партия ўз дастурий мақсад ва вазифалари қаторига туризмнинг экологик, агро, гастрономик, экстремаль ва бошқа турлари инфраструктурасини ривожлантиришни илгари суриши таъкидланди.


“Ситораи Моҳи Хосса” боғининг режаси диққатга сазовордир. Боғ сарой бинолари қурилмасидан олдин барпо қилинган. Сарой боғи Темур ва темурийлар давридаги Самарқанд боғларига ўхшаш анъанавий чорбоғлар шаклида режалаштирилган. Боғ саҳни бир-бирига перпендикуляр кетган йўлаклар билан тўртта тўғри бурчакли майдончаларга бўлинган. Шунга кўра у чорбоғ дейилади. Ёзги сарой боғида гулзорлар, ишкомлар, мевали ва манзарали дарахтлар, кўркам хиёбонлар, ҳовузлар ва ҳайвонот боғлари барпо қилинган.
– Бугунги экскурсиядан кўп маълумотлар олдик, – дейди Когон тумани партия ташкилоти раиси Феруза Раҳматова. – Моҳи Хосса саройининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан бир қисми ҳозирга қадар сақланган. Улардан ёши энг улуғи балхи тутдир. Балхи тут 1760 йилларда экилган. Бош қароргоҳ рўпарасига икки туп Катальпа (Франциядан келтирилган) дарахтлари 1893 йилда, Чинор 1884 йилда, Маклура 1899 йилда, Дуб-эман дарахти эса 1861 йилда экилган. Эман дарахти тагида бир неча дақиқа турган киши, бир кеча-кундуз ўзини тетик сезиб юради. 1915 йилда шарқ мамлакатларидан келтириб экилган туя дарахтларидан бири чорраҳага экилган. У ўнлаб шох шабба ташлаб, тарвақайлаб ўсиб ўзига айлана майдон ҳосил қилган.


– Кундалик юмушлар ҳар қандай кишини толиқтириши шубҳасиз. Кўтаринки кайфиятдаги инсон ҳам вақти-вақти билан тоғларга, сокин табиат қўйнига сайр қилиши, ҳайвонот ва наботот оламидан завқ олиши, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиши керак, –дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти ташкилоти раиси Жаҳонгир Шарипов. – Саёҳатнинг бу тури замонавий тилда экотуризм деб аталади. Янада аниқроқ қилиб айтганда, экотуризм – шахсларнинг дам олиш, спорт билан шуғулланиш, соғломлашиш, маърифий-маънавий ишларни амалга ошириш каби мақсадда ҳамда экологик вазифаларни бажариш учун доимий яшаш жойларидан чиқиб, атроф табиатга қиладиган саёҳатдир. Бундан келиб чиққан тарзда экотуризмнинг мақсади – туризм орқали ҳозирги ва келажак авлодларнинг экологик хавфсизлиги ва барқарор ривожланишни таъминлашдан иборат эканлигини англаш мумкин. Республикамизнинг экологик туризм салоҳиятини ҳисобга олганимизда экологик туризмни ривожлантиришнинг асосий ресурслари – 4 фаслли табиат мавсумлари, ўзининг экологик тизимларига эга бўлганлигидир. Бугунги тадбир давомида Туризмнинг энг муҳим йўналишларидан экотуризм соҳасини Бухоро вилоятида ҳам ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА