Экосайёҳат ёшларга қувонч бағишлади
Сирдарё вилоятида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Экотуризм — ёшлар нигоҳида” шиори остида ёшлар учун саёҳат ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик маданиятни ривожлантириш ва ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтиришдан иборат бўлди.
Иштирокчилар аввало Сирдарё дарёси бўйида ҳашар ўтказиб, соҳилни турли чиқиндилардан тозалашди. Кейин эса табиат қўйнида спорт ва маданий-маърифий тадбирларда қатнашдилар.

Саёҳат доирасида ёшлар бу йил фаолияти йўлга қўйилган, 200 ўринга мўлжалланган “Сирдарё” болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш оромгоҳи билан ҳам танишдилар. Эътиборлиси, оромгоҳга қарашли 10 гектар майдонга 3 мингдан зиёд манзарали ва мевали дарахт ўтқазилган. Ётоқхоналар кондиционер ва телевизор билан жиҳозланган, спорт майдонлари, бассейн, амфитеатр каби барча қулайликлар яратилган.

Тадбир чоғида спортнинг стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича беллашувлар ҳамда “Сиз касаба уюшмалари ҳақида нималарни биласиз?” мавзусида викторина ўтказилди. Ёшлар интерактив савол-жавоб орқали касаба уюшмаларининг 120 йиллик тарихи, халқчил фаолияти ва аъзоликнинг афзалликлари ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдилар.

– Атроф-муҳит ранг-баранглигидан баҳра олдик, оромгоҳдаги шароитлар эса мени ҳайратга солди, – дейди Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси Умиджон Шаимқулов.
– Табиат уйғунлигидаги бундай тадбирлар жуда муҳим. Оромгоҳдаги бир куннинг ўзи руҳиятга катта кўтаринкилик бағишлайди, – дея қўшимча қилади вилоят экология бошқармаси мутахассиси Ҳилола Жўраева.

ЎКУФ Сирдарё вилояти Кенгаши ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Эркин Аҳмедов ҳам саёҳат аҳамиятига тўхталиб, шундай деди: – Бугунги глобал муаммолар ичида экология масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Ёшларда табиатга эътибор, уни асраб-авайлаш маданиятини шакллантириш — асосий вазифамиздир. Бу саёҳат орқали ёшлар нафақат дарё соҳилларини тозалашда қатнашдилар, балки атроф-муҳитга дахлдорлик ҳиссини ҳам оширдилар. Оромгоҳдаги замонавий шароитлар эса уларга соғлом дам олиш, билим ва кўникмаларини ошириш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Касаба уюшмалари ёшларни қўллаб-қувватлашни келгусида ҳам устувор вазифа сифатида давом эттиради.

Беллашув ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Хусусан, Гулистон агротехнологиялар техникуми ҳисобчи ёрдамчиси Шаҳзода Ҳамидуллаева — дарё бўйини тозалашдаги фаоллиги учун, Боёвут тумани тиббиёт бирлашмаси фельдшери Отабек Ғуломов — стол тенниси бўйича, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси вакили Феруза Сариева эса шахмат бўйича ғолиб деб топилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири