Экология билимдонлари беллашди
Термизда “Сиз экологияга оид қонунни биласизми?” мамлакат кўрик-танловнинг Сурхондарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 17 та жамоанинг 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган аъзолари иштирок этди.
Жамиятда экологик ҳуқуқий онг ва билимларни ошириш, соҳада қонунийликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитга эътиборни кучайтириш мақсадида ташкил этилган танлов қатнашчилари ўз билим ва маҳоратларини намойиш этди. Уларнинг ҳар бир чиқишини нуфузли ҳакамлар ҳайъати белгиланган мезонлар асосида баҳолаб борди.

Кўрик-танловда ҳар бири 8 нафар ўқувчидан иборат жамоаларнинг табиатсеварлари “Бу бизнинг ҳудуд”, “Интеллектуал ринг”, “Экология учун барчамиз масъулмиз”, “Энг яхши экологик лойиҳа” каби шартлар асосида ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуднинг экологик ҳолати, табиий бойликлари, флора ва фауна олами ҳақида атрофлича маълумот тақдим этди. Экологияга оид қонунлар, биологик турлиликни ҳимоя қилиш, ҳаво ва сув ресурсларини сақлаш, шунингдек, экологик хавфсизлигини таъминлаш каби йўналишдаги шартларни саҳна кўринишлари, шеър ва бадиий чиқишлар орқали намойиш этди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тақдим этган тест саволларини ечди. Маҳалла ва мактаб даражасида ҳал этса бўладиган масалаларни илгари сурди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиб, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш давлатимиз белгилаб олган устувор вазифалардан бирига айланди. Бу жараёнда инсон саломатлиги ва экологик мувозанатни сақлаш учун табиатдан фойдаланишга қулай шароит яратиш, жонли табиатнинг турлари ва генетик фонди бойлигини, экология тизимлари, ландшафтлар ва ноёб табиат объектлари хилма-хиллигини сақлаб қолиш, экология хавфсизлигини таъминлаш каби улуғвор мақсадлар белгилаб олинган. Мазкур танлов ҳам сайёрамизда глобал муаммога айланаётган она табиатни асраб-авайлаш йўлидаги улкан мақсадларни рўёбга чиқаришга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди. Айниқса, Денов туманидаги 81-мактаб жамоасининг ҳар бир чиқиши барчада катта қизиқиш уйғотди. Улар танлов шартларини болаларча беғуборлик билан маромига етказиб ечишди.
– Табиат билан болаликдан дўст тутинган инсон бир умр уни авайлаб-асрашга интилади, – дейди 81-мактабнинг биология ўқитувчиси Нигора Қирғизбоева. – Ўсимлик ва ҳайвонот оламига меҳр ҳисси ошиб, атроф-муҳитни авайлаб-асрашга масъулиятли бўлади. Ушбу танлов эса ана шундай эзгу ниятли ёшларни ягона мақсад йўлида бирлаштириб, табиатсеварлар сафининг кенгайиб боришига хизмат қилади.

Мактабда 1 минг 470 ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Яшилликка бурканган таълим муассасасида ёш авлоднинг она табиатга меҳру муҳаббати билан мўъжазгина иссиқхона ташкил этилган. Қуёнчилик йўлга қўйилган. Турли қушлар парваришланади. Мактаб ҳовлисининг бўш ерида яна битта иссиқхона барпо этиш мўлжалланмоқда. Ўқувчилар чиқиндиларни саралашни ҳам йўлга қўйган.
Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган мазкур танлов якунида ҳам ана шу мактабнинг “Эко куч” жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, унинг мамлакат босқичида иштирок этиш учун йўлланма олди.
– Танловда соҳага оид билим ва кўникмаларимизга юқори баҳо берилганидан қувончимиз чексиз, – дейди Денов туманидаги 81-мактабнинг “Эко куч” жамоаси аъзоси, 9- синф ўқувчиси Иброҳим Мамадаминов. – Бу рағбат бизни янада кўпроқ изланиб ўқишга, экологик тарғибот ишларини кучайтириб, юртдошларимизни она табиатни асраб-авайлашга чақиришга ундайди.
Кўрик-танловда Узун туманидаги 23-мактаб жамоаси иккинчи ва Термиз шаҳридаги 9-мактаб вакиллари учинчи ўринга сазовор бўлди. Ғолиблар танлов ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири