ЕИ Россия билан алоқалар учун махсус вакил тайинламоқчи
Европа Иттифоқи ичида РФ билан алоқалар учун махсус музокарачи тайинлаш бўйича мунозаралар давом этмоқда.
“Politico” нашри ёзишича, Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркел, Финляндия президенти Александр Стубб ва Италиянинг собиқ бош вазири Марио Драги етакчи номзодлар қаторида.
Таъкидланишича, Меркелнинг номзоди Украина ва Россия президентлари билан аввалги алоқалари туфайли муҳокама қилинмоқда. Бироқ баъзи европалик сиёсатчилар унинг аввалги воситачилик ҳаракатларини етарлича муваффақиятли бўлмаган, деб ҳисоблашади.
Стубб ҳам воситачи ролига қизиқиш билдирган, аммо Финляндиянинг НАТОга қўшилишидан кейин унинг альянс билан алоқалари Москвада ишончсизликни келтириб чиқариши мумкин. Драги эса анча бетараф шахс сифатида қабул қилинади, гарчи у ҳали музокараларда иштирок этишга тайёрлигини билдирмаган бўлса ҳам.
Европа дипломатияси раҳбари Кая Калласнинг номзоди ҳам алоҳида муҳокама қилинмоқда. Россияга нисбатан қаттиқ позициясига қарамай, у махсус элчи тайинлаш имкониятига йўл қўйди ва ҳатто бу ролни ўз зиммасига олишга тайёрлигини ҳам ишора қилди.
Германиянинг собиқ канцлери Герхард Шрёдерни олиб келиш имконияти ҳам илгари муҳокама қилинган эди, аммо Украина, Германия ва Европа Иттифоқи вакиллари бу ғояга қарши чиқишди. Бошқа вариантлар қаторида немис матбуоти Донбасс музокараларида иштирок этгани учун тажрибали дипломат деб ҳисобланган Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ҳам тилга олган.
С.Раҳимов, ЎзА