ЕИ "Google"га жарима солди
Европа комиссияси “Google” компаниясига 890 миллион евро миқдорида жарима тайинлади. Регулятор хулосасига кўра, корпорация қидирув тизимида ўз сервисларига устунлик бериб, рақобатчилар имкониятларини чеклаган.
Текширув 2024 йил март ойида Рақамли бозорлар тўғрисидаги қонун (DMA) асосида бошланган эди. Қарорга мувофиқ, жариманинг 460 миллион евролик қисми қидирув натижаларида “Google Shopping”, “Google Hotels” ва “Google Flights” каби платформаларни сунъий равишда юқори ўринларга чиқариш билан боғлиқ. Қолган 430 миллион евро эса дастур ишлаб чиқувчиларга компания экотизимидан ташқаридаги хизматлар ҳақида эркин маълумот бериш имконияти чеклангани учун белгиланди.
Брюссель нафақат молиявий жазо қўллади, балки компаниядан 60 кун ичида қоидаларга тўлиқ риоя қилишни ҳам талаб қилди. Акс ҳолда, корпорациянинг жаҳон бўйлаб тушумига нисбатан 5 фоизгача бўлган даврий молиявий санкциялар қўлланиши мумкин. “Google” эса ўз маҳсулотлари фойдаланувчилар учун энг қулай тарзда ишлаб чиқилгани, талаб қилинаётган ўзгаришлар рақамли хизматлар сифатига салбий таъсир кўрсатишини билдирмоқда. Компания ҳозирча қарор устидан шикоят қилиш-қилмаслигига ойдинлик киритмаган.
Мазкур қарор АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо муносабатларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Вашингтон аввал ҳам Европа рақамли қоидаларини америкалик технологик гигантларга нисбатан яширин савдо тўсиғи сифатида баҳолаб келган. Айни пайтда Дональд Трамп маъмурияти янги импорт божларини жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Шу боис Брюссельнинг навбатдаги жазоси трансатлантик иқтисодий муносабатларда яна бир баҳсли масалага айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА