Эҳтиёжманд оилаларга янги хонадон, болажонларга қувонч улашилди
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги юртимиз бўйлаб эзгу амаллар ва хайрли ишлар билан қарши олинмоқда. Айниқса, юрт тараққиёти ҳамда халқ фаровонлиги йўлида ўз меҳнати ва ташаббусини аямайдиган тадбиркорлар бугунги кунда жамиятимизда катта ўрин тутади.
Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, Сирдарё вилоятидаги “Beton Sanoat” қурилиш компанияси ижрочи директори Ҳилола Обидова ҳам ана шундай фидойи тадбиркорлардан бири сифатида эзгу ташаббусга қўл урди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Гулистон шаҳридаги “Саховат” савдо марказида икки нафар эҳтиёжманд оилага тайёр янги хонадонлар ҳужжатлари ва калитлари тантанали равишда топширилди.

– Ватанимиз Мустақиллигининг 34 йиллигини ана шундай хайрли амаллар билан қарши олиш – ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз, – дейди Ҳилола Обидова. – Юртбошимиз томонидан тадбиркорлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар бизга шижоат бағишлайди. Шу боис биз нафақат ўз фаолиятимизда юксалишга, балки жамиятга фойда келтиришга, одамларнинг дуосини олишга ҳаракат қиламиз.

Тадбир доирасида келажагимиз эгалари — эртанги кун умиди бўлмиш 100 нафардан зиёд болажонларга мактаб сумкалари ва ўқув қуроллари ҳам совға қилинди. Бу улар учун нафақат янги ўқув йилига тайёргарлик, балки қувонч ва меҳр ифодаси ҳам бўлди.

Ушбу хайрли амал жамиятда инсонпарварлик, бирдамлик ва меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириши шубҳасиз. Зеро, эзгу ишлар ортида Ватанга муҳаббат ва юрт равнақи йўлидаги масъулият ҳислари мужассамдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири