Шу кунларда аҳолининг ер участкалари ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, унинг ҳуқуқий кафолатини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятида «Маҳаллабай», «Хонадонбай» ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Бурхон Минасипов маълумотига кўра, Давлат кадастрлари палатаси ходимлари алоқадор соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аҳолининг ер участкалари ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва унинг ҳуқуқий кафолатини таъминлаш мақсадида «Маҳаллабай», «Хонадонбай» ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишлар жараёнида уй-жой, кўчмас мулк объектларининг эгалик ҳуқуқига оид таҳлилий маълумотларга эга вилоят прокуратураси масъуллари томонидан ҳам эҳтиёжманд оилаларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Хусусан, мулкий ҳужжатга эгалик қилиш орқали ҳар ким қонуний ваколатидан фойдаланиш, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб фойдали келишувга эришиш имконига эга бўлади.
Қолаверса, расмийлаштириб, давлат рўйхатидан ўтказилмаган ер участкаларида иссиқхона қуриш, уй-жойни кенгайтириш учун кредит ёки субсидия олишнинг имкони йўқ. Аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланишга қаратилган ташаббуслар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят кадастр идораларига жами 168 та яқин мурожаат келиб тушган. Шундан 63 таси ижобий ҳал этилган, қолган 105 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Махсус ишчи гуруҳларнинг ўрганишлари давомида 63 нафарга яқин фуқарога уларнинг уй-жойларини давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам берилган. Хусусан, маҳаллаларда яшовчи ногирон, «Темир дафтар»да турувчи эҳтиёжманд оилаларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА