ЕЧЛ: Бугун умумий босқичнинг илк тури старт олади
Футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг умумий босқичида дастлабки тур учрашувлари бугун, 8 сентябрь куни старт олади. 10 сентябрга қадар давом этадиган тур доирасида жами 18 та ўйин ўтказилади.
Қитъанинг энг нуфузли клублар мусобақасининг янги мавсумида 8 сентябрь куни «АЕК Афина» — «ЛАСК», «Брюгге» — «Астон Вилла», «Лилль» — «Бетис», «Реал Мадрид» — «Интер», «Порту» — «Манчестер Сити» ҳамда «Боруссия Дортмунд» — «Вильярреал» учрашувлари бўлиб ўтади.
Бугунги баҳслар орасида «Реал Мадрид» — «Интер» ҳамда «Порту» — «Манчестер Сити» тўқнашувларига қизиқиш юқори. Айниқса, «Манчестер Сити» иштирокидаги баҳс мамлакатимиз футбол мухлислари учун алоҳида аҳамият касб этади. Боиси, жамоа таркибида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов ҳам майдонга тушиши мумкин.
ЕЧЛ умумий босқичининг 9 сентябрь кунги баҳсларида «Штутгарт» — «Викинг», «Барселона» — «Фейеноорд», «Ливерпуль» — «Атлетико Мадрид», «ПСЖ» — «Слован», «Спортинг» — «Галатасарой» ва «Наполи» — «Арсенал» жамоалари ўзаро куч синашади.
10 сентябрь куни эса «Фенербахче» — «Рома», «ПСВ» — «Шахтёр», «Славия Прага» — «Ланс», «Комо» — «РБ Лейпциг», «Манчестер Юнайтед» — «Сабах» ҳамда «Бавария» — «Будё-Глимт» учрашувлари ўтказилиб, дастлабки тур баҳсларига якун ясалади.
Маълумот учун, учрашувларнинг дастлабки иккитаси мамлакатимиз вақти билан 21:45 да, қолган барча баҳслар эса 00:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА