Дзюдо: Саъдулла Равшанов терма жамоамизга жаҳон чемпионатининг кумуш медалини туҳфа этди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида дзюдо бўйича ёшлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг иккинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари яна бир медалга эга чиқди.
82 мамлакатнинг 600 нафарга яқин маҳоратли спортчилари қатнашаётган дунё биринчилигининг иккинчи кунги беллашувларида -81 кг вазн тоифасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Саъдулла Равшанов саралаш беллашувларини муваффақиятли ўтказди.
Шиддатли баҳсларда Япония, Бразилия, Грузия ва Хитой терма жамоасининг аъзоларини мағлуб этган Равшанов ярим финалда франциялик дзюдочини таслим этди.

Жорий йил ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолибликка эришган Саъдулла Равшанов олтин медаль йўлидаги шиддатли курашда россиялик Ярослав Бунаковга кичик хатолик туфайли имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлди.

Ушбу муваффақиятдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 тадан олтин ва кумуш медалларга эгалик қилган ҳолда умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллаб турибди.
Жамоалар орасида етакчилик қилаётган Россия терма жамоаси ҳисобида 4 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медали мавжуд бўлса, 2-ўринни банд этган Япония терма жамоаси 1 тадан олтин ва кумуш ва 4 та бронза медали жамғаришга муваффақ бўлди.
Жаҳон чемпионати беллашувлари 22 ноябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА