Дзюдо: мартабали меҳмонларнинг пойтахтимизга ташрифи давом этмоқда
Жорий йилнинг 19-22 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда 82 давлатдан 600 нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда.
Мусобақа олдидан халқаро дзюдо ташкилотларининг бир қатор нуфузли вакиллари ҳам Тошкентга келмоқда.
Дастлаб Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер пойтахтимизга ташриф буюрди. Уни аэропортда Спорт вазири Адҳам Икрамов, ООК вице-президенти, Ўзбекистон МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ҳамда бошқа расмийлар кутиб олди.
Кейинроқ Осиё дзюдо иттифоқи (JUA) президенти, Халқаро дзюдо федерацияси вице-президенти Обайд Ал-Анзи ҳам юртимизга етиб келди. Уни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон дзюдо федерацияси раисининг ўринбосари Азиз Собиров қарши олди.

Олдинда тўрт кунлик қизғин беллашувлар турибди. 82 мамлакатдан келган 595 нафар ёш дзюдочи ўз вазн тоифаларида жаҳоннинг энг кучли спортчилари қаторидан жой олиш учун курашади. Тошкент татамидаги ҳар бир беллашув иштирокчиларнинг маҳорати, иродаси ва тайёргарлигини синовдан ўтказади.
Ўзбекистоннинг бундай йирик мусобақага мезбонлик қилиши миллий дзюдо мактаби учун ҳам муҳим воқеа. Бу нафақат мамлакатимизда спортни оммалаштириш, балки ёш авлод вакилларини халқаро майдондаги тажриба билан таништириш, дунё дзюдо мутахассислари билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун ҳам янги имкониятдир.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА