Ўтган ҳафта Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Вашингтон воситачилигида имзоланган тинчлик келишуви халқаро ҳамжамият томонидан алоҳида қизиқиш билан кутиб олинди.
Масалан, Euronews қарийб қирқ йил давом этган зиддиятни бартараф этиш мақсадини кўзлаган ушбу битимни Жанубий Кавказ минтақасида тинчликни таъминлашга қаратилган муҳим қарор сифатида эътироф этди.
Ҳужжатга асосан, Озарбайжоннинг асосий ҳудудини Арманистон орқалди ўтиладиган эксклав билан боғлаш учун “Трамп йўлаги” деб номланган махсус лойиҳа кўзда тутилган. Ушбу йўлакни АҚШ назорат қилади.
Эрон мазкур ташаббусга кескин қарши чиқиб, лойиҳа амалга ошишига тўсқинлик қилишини билдирди. Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мазкур йўлак минтақадаги геосиёсий мувозанат ва миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлигини таъкидлади.
Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе ва мамлакат мухолифати келишувни олқишлаб, барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш сари қўйилган дадил қадам, дея баҳолади. Ҳар доим Кавказдаги музокараларда муҳим ўрин эгаллаб келган Россия бу гал воситачи вазифасини бажармаган бўлса-да, мулоқот натижасига ижобий қарамоқда. Шу билан бирга РФ ТИВ минтақадаги муаммоларни Москва иштирокисиз ҳал этиш мумкин эмаслигини қўшимча қилган.
Европа Иттифоқи ва БМТ ҳам музокарани олқишлаб чиқди. ЕИ ташқи сиёсат бўйича олий вакили ушбу тарихий воқеани ижтимоий тармоқ орқали изоҳлаб, тинчлик сари қўйилган қадам сифатида қадрланишини билдирди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/pcI1-H3PYXI" title="Dunyo Armaniston va Ozarbayjon kelishuvigaqanday munosabat bildirdi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Келишувни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев АҚШ етакчиси Дональд Трамп иштирокида имзолаган. Битим Қорабоғ можароси бошланиб, деярли қирқ йилдан бери давом этиб келаётган низони тўлиқ бартараф этишга қаратилган ўта муҳим сиёсий ҳужжат тарзида тарихга кириши мумкин.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА