Долзарб масалалар – депутатлар эътиборида
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Сессияга Кенгаш раиси С.Файзиева раислик қилди. Унда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, маҳаллий бюджет ижроси, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди.
Сессия кун тартибига мувофиқ, дастлаб вилоятда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида 2026 йилнинг учинчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят прокурори А.Мирзаев ҳамда ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Н. Хуббимовнинг ҳисоботлари эшитилди.

Таҳлилларга кўра, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда “намунавий хавфсиз кўча”, “хавфсиз йўлак” ва “хавфсиз уй”лар ташкил этилди. Аҳоли гавжум бўлган ҳудудларга минглаб видеокузатув мосламалари, юзни ҳамда авторақамларни автоматик тарзда таниб олувчи интеллектуал камералар ўрнатилди. Масалан, Пискент туманининг “Лолаариқ” маҳалласида жойлашган канал бўйида 850 метр узунликдаги “сайилгоҳ” барпо этилди. Аҳоли учун ушбу ҳудудга “Wi-Fi” бепул интернет ҳудуди ва очиқ ҳавода жисмоний машғулотлар билан шуғулланишга мўлжалланган “Workout” спорт майдони барпо этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтига бириктирилган Паркет туманидаги Невич маҳалласида жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларни “илмий хулоса – тавсия – натижа” тамойили асосида олиб борилган профилактик тадбирларни ижобий баҳолаш лозим. Натижада бу ҳудуд бир неча ойлардан буён “яшил” тоифада.

Сессияда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ масала ҳам кўриб чиқилди. Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар доирасида фуқароларнинг ер участкалари ва улардаги қурилишларга бўлган ҳуқуқларини қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Хусусан, Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси томонидан амалга оширилаётган хатлов ишлари натижасида яна 4 минг нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойлари ва улар жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари эътироф этилди. Айни пайтда вилоятдаги жами 883 та маҳалладан 314 тасида хатлов ишлари якунланган бўлиб, 67 та маҳаллада жараён давом этмоқда.

Бугунги кунга қадар вилоятнинг 22 та туман ва шаҳар филиаллари кадастр муҳандислари томонидан жами 216 минг 226 та кўчмас мулк объекти тўлиқ хатловдан ўтказилди. Хатлов ишларининг изчил давом эттирилиши кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотларни тўлиқ шакллантириш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини қонуний тартибда эътироф этиш ҳамда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.

Сессия давомида кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан маърузалар тингланиб, депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
А. Мусаев, ЎзА