Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш, уларни маданий, маърифий ва спорт тадбирларига фаол жалб қилиш мақсадида "Долзарб 90 кун" лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Миробод туманидаги 110-мактабда “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Миробод туманида ҳозирда 6 та умумтаълим мактаби қошида кундузги оромгоҳлар ва 12 та мактабда ёзги соғломлаштириш майдончалари фаолият юритмоқда. Оромгоҳларда 2 минг 400 нафардан зиёд ўқувчи қамраб олинган. Уларда ёшларнинг ёзги таътил пайтидаги вақтларини мазмунли ўтказиш, билим ва кўникмаларини бойитиш мақсадида Тошкент давлат транспорт университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети томонидан ташкил этилган хорижий тиллар бўйича тўгараклар фаолият кўрсатмоқда.

Ёзги соғломлаштириш майдончалари 2025 йил 1 июндан 31 августгача “Долзарб 90 кун” лойиҳаси асосида фаолият юритади. Уларда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонликни рағбатлантириш ҳамда ўқувчи-қизларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этишга қаратилган 5 муҳим ташаббус доирасида турли тадбир ва мусобақалар ўтказиб келинмоқда.
Ёшларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда 15 номдаги тўгарак – “Моҳир қўллар”, “Ёш китобхон”, “Бадиий гимнастика”, “Шахмат-шашка”, “Мини-футбол”, “Инглиз тили”, “Робототехника”, “Кулолчилик” ва бошқалар фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу тўгараклар орқали ўқувчиларнинг бўш вақтлари мазмунли ва фойдали ўтказилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА