Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академияда бир йиллик курслар йўлга қўйилди. Уларда вазирлик ва идораларнинг халқаро муносабатлар соҳасида фаолият юритувчи ходимлари таҳсил олади.
Дипломатик академия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 июлдаги “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тизимли ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев курс тингловчиларини табриклаб, уларга ўқишларида муваффақиятлар тилади. Шу билан бирга, у биринчи дарсда “Ўзбекистон Республикасининг янгиланган ташқи сиёсий фаолиятининг концептуал асослари” мавзусида тақдимот ўтказди.
Дипломатик академияда дарс ўтиш учун хорижий давлатларда катта илмий ва амалий иш тажрибасига эга бўлган республиканинг етакчи олимлари, энг яхши амалиётчи ва экспертлар таклиф этилди. Бундан ташқари, хорижлик обрўли олим ва мутахассислар жалб этилган. Хусусан, академия томонидан хорижнинг етакчи муассасалари билан қўшма таълим дастурларини жорий этиш, ўқув жараёнига масофавий таълимни тадбиқ этиш, хорижий давлатлар элчилари, Тошкентда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар раҳбарларини таклиф этиш режалаштирилган.
Суринам, Қозоғистон, Финляндия ва Эстониядаги дипломатик миссияларнинг собиқ раҳбари, ҳозирда “Ҳиндистон-Марказий Осиё” жамғармаси президенти Ашок Кумар Шарма академия курсларининг илк тингловчилари учун онлайн шаклда маъруза ўқиди. Тақдимотда Марказий Осиёнинг энг яхши мутахассисларидан бири доктор Рамакант Двиведи ҳам иштирок этди.
Ҳозирги кунда Дипломатик академия Жанубий Корея, Туркия, Саудия Арабистони ва Италиядаги ҳамкасблари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Миср, Қатар ва Исроил билан ҳамкорлик бўйича меморандум лойиҳалари ишлаб чиқиш босқичида.
ЖИДУ ҳузуридаги Дипломатик академияда бир йиллик курслардан ташқари республикадаги вазирлик ва идораларнинг талабномасига кўра, халқаро тузилмалар ва чет эллик ҳамкорлар билан бирга ишловчи мутахассислар учун турли хил қисқа муддатли курслар ҳам ўтказилади. Бундан ташқари қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларида вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари, ташқи сиёсий, ташқи иқтисодий ва халқаро-ҳуқуқий соҳаларда фаолият олиб борувчи мутахассислар ва ходимларнинг малакасини ошириш кўзда тутилган.
Б.Хасанов, ЎзА