Академияда қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилди
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида юртимиздаги олий таълим муассасаларининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректорлари учун “Янги Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари ҳамда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилди.
Тадбирда мамлакатимизда маърифий соҳани равнақ топтириш масаласи давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида экани таъкидланди.

Ўқувларда Академия ректори Музаффар Комиловнинг “Янги Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари ҳамда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда кейинги йилларда юртимизда диний-маърифий, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Маъруза давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий аҳамият касб қилган маърузасига ҳам тўхталиб ўтилди.

Малака ошириш дарсларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Олий таълим, фан ва инновaциялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Терроризмга қарши кураш хизмати мутасаддилари ўз маърузалари билан қатнашди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ва Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси вакиллари ҳам назарий ҳамда семинар-тренинг шаклида машғулотлар олиб борди.

Янги Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг конституциявий ҳамда институционал асослари, иқтисодиёт субъектлари томонидан истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини диний қарашлар асосида чеклашга йўл қўймаслик масалалари, ёшларни ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб этилаётган ёт ғояларидан муҳофаза қилиш, ақидавий масалалардаги ихтилофлар ва уларнинг ечимлари ҳамда Ўзбекистоннинг диний бағрикенгликни илгари суриш борасидаги халқаро ҳамкорлиги бўйича маърузалар қилинди.
Н.Усмонова, ЎзА