Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги фермер хўжалиги раиси туман ҳокимлигида бош мутахассис лавозимида ишловчи қариндоши билан ўзаро келишган ҳолда, ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигига қарашли суғориладиган 1 гектар ер майдонини ҳокимлик захирасига қайтариб, сўнгра уни иссиқхона ташкил қилмоқчи бўлган Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 50 минг АҚШ доллари ва “Нексия-3” автомашинаси талаб қилишади.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимларининг вилоят прокуратураси ҳамда ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида ушбу шахслар сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Пастдарғом тумани Давлат солиқ инспекцияси инспектори чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари билан ўзаро келишган ҳолда, ушбу фермер хўжалигига қарашли 15 гектар ер майдонини бошқа бир фуқарога интенсив боғ ташкил этиши учун туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 13 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
<iframe width="1180" height="664" src="https://www.youtube.com/embed/rV8ZiytigZs" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Самарқанд туманида яшовчи 2 нафар фуқаро ўзлари ижара асосида фойдаланиб келаётган, ҳокимият балансида бўлган тоғли ҳудуддаги 3 гектар яйлов ер майдонини маҳаллий фуқарога 30 минг АҚШ долларига сотишни режалаштириб, туман ҳокимлигидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилишади.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахслар сўралган пулдан 12,5 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Пайариқ туманидаги ғалла ва пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари муқаддам судланиб, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо муддатини ўтаганлигига қарамасдан, хатосидан тўғри хулоса чиқармайди.
У маҳаллий тадбиркорнинг ишончига кириб, унга интенсив боғ ташкил этиши учун туман ҳокимлигида раҳбарлик лавозимларида ишловчи танишлари орқали 30 гектар ер майдони олиб беришни ваъда қилади ҳамда эвазига 15 минг АҚШ доллари сўрайди.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пулдан 7,5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Пайариқ туманида кузатилган яна бир ҳолатда фермер хўжалиги раҳбари мазкур хўжаликнинг суғориладиган 1 гектар ер майдонини паррандачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога 15 минг АҚШ долларига сотишга келишади ва ҳокимият тизимидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилади.
Фермер хўжалиги раҳбари сўралган пулдан аванс сифатида 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ матбуот хизмати