Ижтимоий тармоқларда Янги йилнинг илк ҳафтасида Сурхондарё вилоятидаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғида аччиқ бодом гуллагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Қиш фаслининг нисбатан илиқ келаётгани жанубдаги воҳада эртаги дов-дарахтларни, ўт-ўланларни уйғотиб, гул кўрсатишига қулай муҳит яратди. Бугун Денов тумани ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Тўраева бойчечак бўй кўрсатганидан хабар берди. Вилоят жанубидаги туманнинг Аламжаҳон қишлоғида очилган баҳорнинг нафис гули япроқлари оқ рангда товланиб турганини маълум қилди.
– Мутахассисларнинг айтишича, ерда қор бўлмаса-да, тоғлардаги қор совуғи бойчечак япроқларининг оқ рангда товланишига сабаб бўлган, – дейди Феруза Тўраева. – Кунлар илиқлашиб, ерларга баҳорнинг иссиқ тафти энгач, бойчечаклар яна сариқ рангда очилиб, теварак-атрофни безайди.
Сурхондарё вилоятида қиш чилласида бодом гуллаб, бойчечак униб чиқиши қорли-қировли фасл илиқ келган йилларда содир бўлади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири