Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан Денов туманидаги мактабгача таълим ташкилотларининг қиш мавсумига кўрган тайёргарлиги ва ободонлаштириш ишларини ўрганиш мақсадида навбатдаги пресс-тур ташкил этилди. Унда бошқарма бошлиғи Ҳусниддин Мамадиев, соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар тумандаги 16- ҳамда 37-давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик, иситиш қозонларининг ҳолати, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.
Таъкидланганидек, вилоятда жорий йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 255 минг 700 дан зиёд бўлиб, жами 2 минг 743 та мактабгача таълим ташкилотига 158 минг 494 нафар бола қамраб олинган.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, вилоятда қуввати 2 минг 150 ўринга мўлжалланган 19 та давлат-хусусий шерикчилик лойиҳалари билан давлат-хусусий шерикчилик битимлари имзоланиб, молиялаштириш жараёни бошланди. Натижада 13 та лойиҳага жами 21 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган бўлса, шундан бугунги кунда 7 та объект фойдаланишга топширилди. Яна 4 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, 2 таси тайёр ҳолатга келтирилган.
[gallery-15074]
Туманда 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 37 минг 928 нафар бўлиб, жами 396 та мактабгача таълим ташкилотига 19 минг 745 нафар бола қамраб олинган ва қамров кўрсаткичи 52,1 фоизни ташкил этмоқда.
Юқорида келтирилган қарорга мувофиқ, қуввати 275 ўринга мўлжалланган 2 та давлат-хусусий шерикчилик лойиҳалари билан давлат-хусусий шерикчилик битими имзоланиб, молиялаштириш жараёни бошланди. Шунингдек, “Халқ банки” томонидан вилоятдаги 70 нафар якка тартибдаги тадбиркорга оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига жиҳоз ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун 2 миллиард 310 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Тадбир доирасида Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳ. Мамадиев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда бошқарма бошлиғи мактабгача ва мактаб таълими тизимида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Анжуман давомида журналист ва блогерларни қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб берилди. Тизимда учраётган хато ва камчиликлар танқид қилиниб, келгусида тўлиқ бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.
ЎзА фотомухбири Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар