Навоий вилояти мактабгача таълим бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари учун Навбаҳор туманида “Замон билан бўйлашаётган Навбаҳор туман мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишув” мавзусида пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур доирасида тумандаги 3- ва 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари, “Навбаҳор юлдузчалари” давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган боғча ва “Янги авлод болалари” оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти билан танишилди.
– Бугунги кунда Навоий вилоятида ҳам мактабгача таълим йўналишида амалга оширилган ишлар натижасида болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш сифати ва самарадорлиги ошиб бормоқда, – дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ўткир Ўсаров. – 2017 йилда давлат ва нодавлат МТТлари сони бор йўғи 132 та бўлган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 1069 тани ташкил қилмоқда. Қамров эса 34,1 фоиздан 83,1 фоизга етди.
Вилоятда инвестиция дастури асосида жорий йилда 7 та давлат МТТни янгидан қуриш ва реконструкция қилиш учун 26,8 миллиард сўм маблағ сарфланди. Натижада қувват 770 та ўринга кўпайтирилди. Давлат мактабгача таълим ташкилотларига бўлаётган навбатларни қисқартириш, мазкур йўналишдаги тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш натижасида вилоятда жорий йилнинг ўзида 10 та давлат хусусий шериклиги асосида мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилиб, 1360 нафар бола замонавний шарт-шароитларда таълим-тарбия олиш имконига эга бўлди. 214 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши эвазига чекка ва олис ҳудудлардаги 5350 нафар боғча ёшидаги болаларни қамраб олишга эришилди.

Айни пайтда битта гуруҳда 25 нафар тарбияланувчини ўз ичига олган, уй шароитида, бироқ, белгиланган давлат стандартлари асосида таълим-тарбия бериш билан шуғулланувчи оилавий боғчалар фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони эса 787 тага етди. 12 та МТТ аутсорсинг корхоналари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб келинмоқда. 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб ушбу тизим орқали озиқ-овқат масҳулотлари билан таъминланадиган МТТ сони 60 тага етказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 декабрдаги “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Навоий вилоятида 10 та 1260 (қувват) ўринга эга мактабгача таълим ташкилотларини қайта қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, ушбу тадбирларга 30 миллиард 19 миллион сўм маблағ ажратилди.
Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва Обод маҳалла” Давлат дастурига кўра 4 та 260 қувват (ўрин)ли мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган бўлиб, 5 миллиард 584,1 миллион сўм маблағ ажратилган. Бундан ташқари, 2022 йил Инвестиция дастурини шакллантириш бўйича вилоятда мактабгача таълим соҳасида қамров даражасини кенгайтириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ иштирокида шароити оғир, хом ғиштдан қурилган ва 3-7 ёшли болалар кўп ҳамда қамрови паст бўлган ҳудудлардаги объектлар танлаб олинди. Бунинг учун 2022 йил 7 та мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш учун 29 миллиард 250 миллион сўм маблағ ажратилган.
Навбаҳор туманида ҳам бу борада кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

– 2017 йилда 3-7 ёшли болалар сони 6312 нафар бўлиб, уларнинг 814 нафари ёки 12,9 фоизи мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинган эди, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Соҳиб Будёнов. – Бугунга келиб эса туманда 3-7 ёшли болалар сони 8778 нафарга етиб, уларнинг 6474 нафари ёки 73,8 фоизи боғчаларга қамраб олинди. 2017 йилда туманда бор-йўғи 9 та мактабгача таълим ташкилоти бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 107 тага етди. Хусусан, 14 та давлат, 12 та давлат хусусий шерикчилиги асосидаги, 81 та оилавий мактабгача таълим ташкилот мавжуд.
Жорий йил якунлари билан давлат-хусусий шерикчилик асосида 1 та 100 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 9 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, инвестиция дастури асосида 2 та 4 миллиард 350 миллион сўмга 150 ўринли 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 120 ўринли 3 миллиард 480 миллион сўмга 16-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ишга тушурилиши натижасида қамров даражаси 83 фоизга етказилиши режалаштирилган.
“Навбаҳор юлдузчалари” давлат хусусий шериклиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 2020 йил декабрь ойида қурилиб, фойдаланишга топширилган. Умумий лойиҳа қиймати 3,8 миллиард сўм бўлган ташкилотнинг бунёд этилиши учун давлат томонидан 2 миллиард 850 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ҳам ажртилган.
– 120 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилотимизда ҳозирда 20 нафар малакали мутахассислар томонидан 5 та гуруҳда тарбияланувчиларга ментал арифметика, инглиз тили, шахмат, бадиий гимнастика каби тўгаракларда қшгимча машғулотлар ўтказиб келинмоқда, – дейди ташкилот раҳбари Муҳиба Ҳакимова.

– “Бешработ”, “Янгиҳаёт”, “Янги йўл” каби 7 та маҳалладан ташқари, вилоят марказидаги ота-оналар ҳам фарзандлари таълим-тарбиясини ташкилот педагог-тарбиячиларига ишониб топширмоқда. Улар учун автобус ҳам йўлга қўйилган бўлиб, тарбияланувчиларни уйма-уй юриб олиб келишади. Таълим-тарбия жараёни рус тилида олиб борилади.
ЯТТ Наргиза Файзиева томонидан эса тумандаги “Пахтакор” маҳалласида ташкил этилган “Янги авлод болалари” оилавий мактабгача таълим ташкилоти 25 ўринга мўлжалланган. Тадбиркорнинг ўзига тегишли бўлган анча вақтлардан буён бўш, фойдаланилмасдан турган ҳовлисини оилавий боғчага айлантириш таклифи билан туман мактабгача таълим бўлимига қилинган мурожаати қисқа фурсатларда кўриб чиқилиб, битим имзоланди ва фаолиятини бошлади.
Мазкур маҳалланинг ўзида 3 та оилавий МТТ бўлиб, уларнинг барчасига бугунги кунда талаб мавжуд. Ташкилотда ҳозирда хорижий тиллар билан бирга, ментал арифметика тўгараги ҳам йўлга қўйилган.
Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари мактабгача таълим ташкилотларида болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга масъул раҳбарлардан жавоблар олди.
Абдували Бўриев, ЎзА