“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналида маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш мавзуси ёритилди
Инсон қадри ва халқ манфаатлари устувор бўлган янги Ўзбекистон барпо этилмоқда. Давлатимиз ва халқимиз олдидаги бундай улуғ мақсадга эришиш учун, аввало, жамиятимизда инсон ҳуқуқлари таъминланишини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий билимини ошириш ғоят муҳим.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали айни шу долзарб мақсадга эришиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний кафолатлаш борасидаги миллий амалиёт ҳамда хорижий тажрибани ёритишга ихтисослашган.
1999 йилдан бери нашр этиб келинаётган журнал ўзбек, рус ва инглиз тилидаги долзарб илмий ҳамда маърифий мақолаларни юртимизда ва халқаро миқёсда ёритиб келмоқда.
[gallery-28439]
Шунингдек, журнал Олий аттестация комиссиясининг сиёсий фанлар, ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих, исломшунослик ва социология фанлари бўйича диссертация асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган.
Журнал таҳририятининг ижодий жамоаси 2024 йилда “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳаётимиз билан боғлиқ долзарб мавзулардаги материаллари учун” номинацияси ғолиби бўлган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг 2026 йил – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилига бағишланган навбатдаги сони тақдимотида шу каби фикрлар билдирилди.
Тақдимотда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг таҳрир кенгаши аъзолари ва мамлакатимиздаги ҳуқуқий мавзуларни ёритишга ихтисослашган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам қатнашди.
Тадбир иштирокчилари жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга журнал муҳим ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Бу инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойили амалда қарор топишига хизмат қилмоқда.
Журналнинг 2026 йилдаги биринчи сонида мақоласи нашр этилган муаллифлар эса ўз мақолалари бўйича чиқиш қилди. Долзарб мавзулардаги илмий маърузалар тингланди.
Ҳар бир илмий маърузадан сўнг муҳокама ва савол-жавоблар ўтказилди.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА