Давлат харидлари устидан парламент назорати кучайтирилади
Мамлакатимизда давлат харидлари соҳасини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат харидларида шаффофлик ва адолатлиликни таъминлаш борасида муайян чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун билан соҳадаги тартиб-таомилларни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш кўзда тутилмоқда. Хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида корпоратив буюртмачилар харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга берилган айрим имтиёз ва преференцияларни бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Янги ўзгартишларнинг яна бир муҳим жиҳати — давлат харидлари устидан парламент назоратини кучайтиришдир. Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботларга давлат буюртмачилари амалга оширган харидлар натижалари, жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар ҳақидаги маълумотларни киритиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, давлат харидлари жараёнида юзага келадиган низоларни ҳал этиш механизмларини соддалаштириш назарда тутилган.
Қонун ижодкорларининг фикрича, лойиҳанинг қабул қилиниши давлат харидлари соҳасида шаффофликни таъминлашга ва рақобат муҳитини кенгайтиришга, харид қилиш тартиб-таомилларини хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг харид жараёнларида фаол иштирокини рағбатлантиради.
Давлат харидлари тизимини халқаро илғор тажриба асосида такомиллаштириш эса Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларида муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова, ЎзА