Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу борада доимий равишда тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу ислоҳотлар иқтисодий жиҳатдан бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ва инвестицион муҳитни яхшилашга, ижтимоий жиҳатдан тенг имкониятлар ва адолатни таъминлашга, сиёсий жиҳатдан давлат бошқарувига халқ ишончини мустаҳкамлаш ва жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилиши ва унда билдирилган таклифлар ва белгиланган вазифалар бу борада алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Бу эса коррупцияга қарши курашиш соҳасини янги босқичга олиб чиқишга замин яратди.
Мамлакатимизда ўтган 8 йил давомида бу борада бир қатор кенг қамровли тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Парламент палаталарида масъул қўмиталар тузилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ва мустақил Агентлик фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” махсус қонун ҳамда давлат харидларини амалга оширишни тартибга солишга қаратилган “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда доимий жараён эканини таъкидлаб, бу борадаги долзарб масалалар ва келгусидаги вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Бугунги кунда манфаатлар тўқнашуви, қиммат нархда товар сотиб олиш ёки хизмат кўрсатиш асосан давлат харидлари соҳасида кузатилаётгани ва шу боис, давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва ушбу соҳада шаффоф тизим яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Эндиликда, шу мақсадда Эксперт комиссиясини тузиш, ушбу комиссия илғор хорижий тажрибалар асосида давлат харидларида товарларнинг ўртача бозор нархлари кўриниб турадиган электрон платформани ташкил этиши, бунда давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ўртача бозор нархидан кўпи билан 20 фоиздан ошмаслик шарти таъкидланди. Ушбу талабни бузганлик учун қонунчилик билан тегишли жавобгарлик ва жарималар жорий қилиниши ҳам билдирилди.
Қайд этиш жоизки, давлат харидлари соҳаси ўзига хос хусусиятларга эга бўлган ва доимий равишда мавжуд механизмни замонавий қоидалар ва технологиялар асосида такомиллаштириб боришни талаб этадиган мураккаб жараён бўлиб, ушбу жараёнда коррупциянинг олдини олиш, инсон омилини (аралашувини) қисқартириш ва пировард натижада давлат харидлари учун ажратиладиган давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш асосий масала ҳисобланади.
Статистик маълумотлар ҳам айнан ушбу масаланинг долзарблигидан далолат беради. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълумотига кўра, 2024 йилда республика бўйича жами 248,6 трлн. сўмлик давлат харидлари амалга оширилган бўлиб, бу ялпи ички маҳсулотнинг 17 фоизини ташкил этган. Бу, албатта, давлат бюджетидан ажратилган катта миқдордаги маблағ бўлиб, ушбу маблағлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва назорат қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълумотига кўра, 2024 йилда Агентлик томонидан ўтказилган текширувлар натижасида давлат харидлари соҳасида тузилган 263,9 млрд. сўмга тенг бўлган 234 та шартномалар ҳақиқий эмас деб топилган. Текширувлар натижаси бўйича 189 нафар шахс тегишли жавобгарликка тортилган (104 нафари маъмурий ва 85 нафари интизомий жавобгарликка тортилган).
Ўз навбатида, давлат раҳбари томонидан давлат харидлари соҳасини коррупциядан холи бўлган шаффоф жараёнга айлантириш бўйича белгиланган вазифалар (Эксперт комиссияси тузилиши, нархлар кўриниб турадиган электрон платформа яратилиши) ушбу соҳадаги қоидабузарликларни камайтиришга, давлат харидлари учун ажратиладиган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Қайд этиш жоизки, Франция давлат харидлари тизимида ҳам доимий фаолият кўрсатадиган махсус комиссиялар мавжуд бўлиб, уларнинг вазифаси давлат харидлари соҳасида тузилган шартномаларни ихтиёрий равишда танлаб олиб, тўғрилигини текширади, назорат қилади ва кўрсатмалар беради.
Шунингдек, АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея Хитой ва Япония каби мамлакатларда давлат харидлари соҳасида шаффофликка асосланган қонунийлик принципи ҳуқуқий тартибга солишга доир энг асосий ёндашув сифатида белгиланган. Хусусан, АҚШ давлат харидлари соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга бўлиб, соҳани тартибга солиш бўйича қабул қилинган қонунда (Federal Acquisition Regulations) давлат харидларини режалаштиришдан тортиб тузилган шартномаларни бошқаришгача бўлган масалаларни тартибга солишда шаффофлик юқори даражада таъминланган.
Германия, Буюк Британия ва Жанубий Корея каби мамлакатларда давлат харидлари соҳасида электрон тизимдан фойдаланиш яхши йўлга қўйилган бўлиб, унда иштирокчилар учун кенг имкониятлар ва эркин рақобат муҳити яратилган. Юқоридаги хорижий тажрибалардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам ушбу соҳани янада ривожлантириш хусусан, давлат харидлари соҳасида электрон тизимдан фойдаланишни такомиллаштириш, иштирокчилар учун зарур шароитлар яратиш ва соҳада очиқликни таъминлаш бўйича мазкур давлатлар амалиётидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Шу билан бирга, бўлиб ўтган йиғилишда давлат харидлари соҳасини такомиллаштириш бўйича Президент томонидан бошқа қатор ташаббуслар ҳам илгари сурилди.
Хусусан, бугунги кунда давлат харидларида тўғридан-тўғри сотиб олса бўладиган 50 дан ортиқ товар ва хизмат турлари мавжуд бўлиб, уларни 2 карра қисқартириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, йил якунига қадар сунъий интеллект ёрдамида давлат харидларида қонунга зид ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича электрон тизимни ишга тушириш вазифаси белгиланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълумотига кўра, давлат харидлари соҳасида содир этилаётган қонунбузилиш ҳолатлари асосан маҳсулотларни сунъий равишда қиммат нархларда сотиб олиш, тўғридан-тўғри шартномалар тузиш жараёнига субъектив факторларнинг аралашувига йўл қўйиш, манфаатлар тўқнашуви мавжуд ҳолда давлат харидларини амалга ошириш, рақобат усулларини четлаб ўтиш мақсадида харидларни қисмларга бўлиб амалга ошириш каби кўринишларда намоён бўлаётганлиги ва ушбу ҳолатларнинг кўпчилиги коррупциявий хатти-ҳаракатлар билан боғлиқлиги таъкидланган.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган юқоридаги механизмларнинг жорий этилиши, соҳада содир этилиши мумкин бўлган қоидабузарлик ҳолатларини ўз вақтида аниқлаб, олдини олиш имкониятини яратишга, шунингдек тўғридан-тўғри харидларда йўл қўйилаётган инсонлар аралашуви омилини қисқартиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, давлат харидлари соҳасида амалга оширилиши белгиланган яна бир янгилик шундан иборат бўлдики, эндиликда давлат идораларининг харидларида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган транспорт воситаларини харид қилишга ҳамда маҳаллий мебелларни сотиб олишга устуворлик берилиши таъкидланди.
Қайд этиш жоизки, давлат харидлари соҳасига мазкур ўзгаришнинг татбиқ этилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар учун катта ижобий аҳамиятга эга бўлиб, улар учун ўз маҳсулотларини мамлакат ичида, айнан, давлат харидлари электрон порталида кенг реализация қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, мазкур механизм давлат томонидан миллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш тамойилига ҳам мос келади.
Давлат харидлари тизимида муҳим масалалардан бири очиқликни таъминлаш ҳисобланиб, бунда ваколатли давлат органлари томонидан соҳага оид маълумотларнинг ўз вақтида оммага етказилиши, содир этилаётган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ОАВда кенг ёритилиши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан ўз вақтида чора кўрилиши муҳим аҳамиятга эгадир.
Ўз навбатида, давлат харидлари соҳасида очиқликни таъминлаш ва қоидабузарларга нисбатан қўлланаётган чораларнинг доимий равишда эълон қилиб борилиши давлат харидлари соҳасида фаолият кўрсатаётган мансабдор шахсларни ҳушёрликка чақириб, содир этилиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга ёрдамлашади.
Давлат раҳбари томонидан мазкур йўналишда белгиланган вазифаларни амалга ошириш давлат харидлари соҳасидаги коррупциявий омилларни бартараф этишга доир ишларни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Қайд этиш жоизки, белгиланган вазифаларни амалга оширишда ва давлат харидлари соҳасини янада ривожлантиришда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат харидларини амалга оширувчи шахсларнинг билим ва кўникмаларини доимий равишда ошириб бориш, давлат бюджети маблағлари сарфланишининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда давлат харидлари тизимида йирик лойиҳаларни амалга оширишда жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар ҳисобланади.
Ўз навбатида, ушбу масалаларга етарлича эътибор қаратиш давлат харидлари соҳасини янада такомиллаштиришга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда мазкур соҳада коррупцияга қарши курашиш борасидаги ўрни ва ролини оширишга хизмат қилади.
Қаҳҳор Жумаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти етакчи илмий ходими.