Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида” ги қонунига кўра, давлат органлари ва муассасалари, бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари, давлат корхоналари ва устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар товарлар (ишлар, хизматлар)ни Ўзбекистон Республикаси товар хом-ашё биржасинининг dxarid.uzex.uz электрон платформасида биржа савдолари орқали харид қилади.
Қонунга биноан касбий маҳорат ва масъулиятлилик, асосланганлик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги, очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, мутаносиблик, давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги, коррупцияга йўл қўймаслик давлат харидларининг асосий принциплари ҳисобланади. Бу принциплар давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши керак.
Аммо амалиётда ҳамма вақт ҳам қонун талаблари тўла-тўкис бажарилаяпти, дейиш қийин. Гоҳ у, гоҳ бу томоннинг масъулиятсизлиги, манфаатнинг устун келиши давлат харидлари тизимида айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Яқинда вилоятимиздаги олий таълим муассасаларидан бирининг раҳбари айтиб қолди. Йилнинг биринчи ярмида мазкур олий ўқув юрти томонидан давлат харидлари бўйича аукцион савдолари ва электрон дўкон орқали тузилган шартномаларнинг ўттиз фози бекор қилинибди.
– Бунга тадбиркорлар аукцион ёки электрон дўконда ғолиб бўлгандан кейин шартномада кўрсатилган параметрларга мос бўлмаган товарларни таклиф қилиши ёки маҳсулотлар аксарият ҳолларда шартномада белгиланган муддатда етказиб берилмаслиги сабаб бўлмоқда, – дейди у.
– Аукцион савдолари орқали товар етказиб бериш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бу каби ҳолатларга жарима санкциялари ёки бошқа таъсир чоралари белгиланмаган.
Яна бир ёмон томони, тадбиркорлар товар ва моддий бойликларнинг бошланғич нархини сунъий равишда (ўртача 50-60 фоиз) пасайтириб аукционда ғолиб бўлмоқда. Натижада товарларнинг энг сифатсизи таклиф қилинмоқда. Ана шу сифатсиз товарларни ўтказиш учун эса харид қилувчига “бонус”лар таклиф қилинмоқда. Бу эса ўз-ўзидан коррупция ёки манфаатлар тўқнашувига олиб келади.
Аукцион савдолари opқали товар етказиб бериш бўйича норматив- ҳуқуқий ҳужжатларда бу каби ҳолатлар назарда тутилмаган. Бизнингча, бу каби ҳолатларга йўл қўйган тадбиркор “Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри”дан умуман четлаштирилиши ҳамда уларга нисбатан кескин таъсир чоралари қўлланилиши керак.
– Хизмат автомашинамга шина олишга тўғри келди ва давлат харидлари тизими бўйича эълон бердик, – дейди давлат ташкилоти раҳбарларидан бири.
– Тартиб бўйича энг паст нарх таклиф этган тадбиркорлик субъекти ғолиб бўлди. Пулни кўчирдик, лекин у республикамизнинг бошқа вилоятидан бўлган тадбиркорнинг маҳсулотни етказиб беришида бироз муаммолар юзага келди. Шу нархга ўзимиздаги фирмалардан ҳам сифатли товар олиш мумкин экан. Лекин бу фирмаларнинг кўпчилиги биржа электрон платформасидан фойдаланмайди ёки бу ҳақда билмайди.
Амалиётда яна шундай ҳолатлар учраяптики, аукцион ёки тендерда ғолиб бўлган тадбиркор, корхона, ташкилотлар шартномада кўрсатилган параметрлардаги товарлар ўрнига сифатсиз маҳсулотларни етказиб бериши натижасида ушбу товарлар қабул қилинмасдан қайтариб юборилмоқда.
Бир йил олдан Самарқанддаги тиббиёт муассасаларидан бири ана шундай тендер орқали замонавий тиббий ускуна харид қилгани, аммо бу товар етказиб берилганда кўзда тутилган аппарат эмаслиги аён бўлиб, шартнома анча оворагарчиликлардан сўнг бекор қилинганди.
Демак, бу каби ҳолатлар кўп учраётган эканми, қонунчиликдаги мазкур бўшлиқни тўлдириш, шартнома бўйича товарларни ўз вақтида етказиб бермаган, сифатсиз ёки муқобил товарлар етказиб бераётган субъектларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш талаб этилади. Шунингдек, тезкорликда амалга оширилиши талаб этиладиган харажат ва харидлар учун ҳам имконият яратиш лозим.
Умуман, давлат харидлари тизимидаги очиқлик, рақобат, маблағлардан самарали фойдаланишдаги ёндашув қувонарли. Бунда фақат қонун устуворлигига таянилса, икки томон манфаатдорлиги ҳам тенг бўлса, ва асосийси, кўзбўямачилик ва ёлғон аралашмаса бўлгани.
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА