Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган “Самарали бошқарув” дастури доирасида инсон ресурсларини бошқариш соҳасига масъул давлат хизматчилари учун “Давлат секторида ходимларни ишга қабул қилишда ҳалоллик ва комплаенс” мавзусида халқаро тренинг ташкил этилди.
Тренингда вазирлик ва идораларнинг инсон ресурсларини бошқариш соҳасига масъул 35 нафар ходими, ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади — давлат секторида ишга қабул қилиш жараёнларини шаффоф, адолатли ва дискриминациясиз ташкил этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда комплаенс талабларига мувофиқ иш юритиш бўйича амалий билим ва кўникмаларни шакллантиришдир.

Тренингда Германиядан таклиф этилган халқаро эксперт И.Зоргац иштирок этиб, ходимларни ишга қабул қилиш жараёнларида этник меъёрлар, камситмайдиган процедуралар, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш усуллари ва мувофиқликни назорат қилиш воситалари ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этди.
Иштирокчилар халқаро тажрибага асосланган амалий ечимлар билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Тренинг интерактив муҳокамалар, кейс-стади, симуляция ва ривожланган мамлакатлар тажрибасига асосланган амалий машғулотлар орқали ташкил этилган бўлиб, иштирокчиларнинг назарий билимлари амалиёт билан уйғунлаштирилди.

Бундай ёндашув иштирокчиларга реал иш шароитида юзага келиши мумкин бўлган мураккаб вазиятларни таҳлил қилиш ва ечим топиш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам беради.
Мазкур тренинг “Самарали бошқарув” дастурининг инсон ресурсларини бошқариш соҳасидаги салоҳиятни оширишга қаратилган муҳим босқичларидан бири бўлиб, давлат хизматчиларида шаффофлик, масъулият ва профессионал ёндашувни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА