Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси (ДСБА)да “Давлат бошқаруви органлари ходимларининг касбий ва раҳбарлик компетенцияларини ривожлантиришда Бавария тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат органлари вакиллари, хорижий ҳамкорлар, ДСБА профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари, Бавария давлат бошқаруви мактаби, Ҳаннс Зайдел жамғармаси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Академия ректори Жасур Солиҳов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федератив Республикаси Канцлери Олаф Шольц томонидан ўтган йили Академияда очиб берилган “Ҳокимликка тайёрлаш мактаби” муваффақият билан фаолият юритаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги “Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда, янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлашда бундай халқаро давра суҳбатларининг алоҳида ўрни борлиги қайд этилди.
[gallery-23478]
Германия каби ривожланган давлатларнинг ютуқларини ўрганиш жуда муҳим. Германиянинг иқтисодий ва бошқарув марказларидан бири Бавариянинг кадрлар тайёрлаш ва давлат хизмати соҳасидаги илғор ва институционал ёндашувлари халқаро миқёсда тан олинган.
Бавария Давлат бошқаруви мактаби (Bayerische Verwaltungsschule) Европадаги энг нуфузли муассасалардан бири бўлиб, у жаҳон рейтингларида ўзининг амалиётга йўналтирилган, компетенция асосидаги таълим дастурлари билан ажралиб туради.
Давра суҳбати давомида Ҳаннс Зайдел жамғармасининг Марказий Осиёдаги доимий вакили Константин Блашке, GIZ Самарали давлат бошқаруви дастури маслаҳатчиси Мадина Ишмурадова, шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Дилшод Кенжаев сўзга чиқиб, Бавария модели, унинг тренинг марказлари, симуляцияга асосланган ўқув машғулотлари, раҳбарлик қобилиятларини аниқлаш ва ривожлантириш усуллари ҳақида фикр билдирди.
Давлат бошқаруви органлари вакиллари томонидан Бавария тажрибасини ўзлаштириш, маҳаллий шарт-шароитга мослаштирилган ҳолда амалий тренинглар, симуляция лабораториялари, кейс-стадилар ва раҳбарлик компетенцияларини аниқлаш воситаларини жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.
Халқаро давра суҳбати илғор хорижий тажрибани жорий этиш, давлат хизматини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган улкан ҳаракатнинг мантиқий давоми бўлди. Бавария модели асосида шакллантирилаётган янги тизим келажак раҳбарларининг фақат назарий эмас, балки амалий жиҳатдан ҳам пухта тайёргарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, О.Пардаев (сурат), ЎзА