Маълумки, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш – юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини, жумладан, битимлар асосида вужудга келиши, узатилиши, чекланиши, бекор қилинишини тан олиш ва тасдиқлашнинг ҳуқуқий ҳужжатдир.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармасига жорий йил давомида юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан жами 117 минг 172 та аризалар келиб тушган. Шундан 82 минг 300 та ариза ижобий якунланиб, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган. 27 минг 880 та ариза асослантирилган ҳолда рад қилинган, 5 минг 936 та ариза кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш хизмати учун тўлов ҳисобланиб, тўловга чиқарилган.
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун жойлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали ёки my.gov.uz портали орқали мурожаат этилади. Рўйхатга олувчи (Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармалари), кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, ҳужжатларни олган кундан бошлаб 2 иш куни ичида давлат рўйхатидан ўтказади.
Агар тақдим этилган ҳужжатларда кичик техник камчиликлар бўлса ва уларни бартараф этиш имконияти мавжуд бўлса ёки қўшимча ҳужжатлар талаб қилинса, рўйхатга олувчи 1 кун ичида рўйхатдан ўтказишни 3 иш кунигача тўхтатиб туришга қарор қилади ва қарорни Давлат хизматлари марказига юборади.
А.Мусаев, ЎзА.