2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, давлат рамзлари ҳамиша Ватан тимсолини акс эттириб, миллат ҳаёти ва умидларини намоён этувчи восита сифатида қадрланган. Юртимиз ҳудудида илк давлат ва ҳуқуқ рамзларидан бири тамғалар ҳисобланган. Бу дастлаб қадимги уруғларни бир-биридан фарқловчи белгилар вазифасини бажарган бўлса, кейинчалик давлатга тааллуқлиликни ифодалаб, байроқ, муҳр, пуллар, ёрлиқлар ва бошқаларда акс эттирилган.
Соҳибқирон Амир Темур давлатида тамға – бир-бирига боғланган уч ҳалқали тасвир билан намоён бўлган. Бу тасвир тангалар ва муҳрларга туширилган. Тамғада бундан ташқари “Рости-русти” ибораси ҳам ёзилган. Ушбу ибора Оқсарой дарвозасининг пештоқида ҳам бўлган.
Унинг мазмуни “Агар адолатли бўлсанг, ҳар бир ишда омад ёр бўлади” ёки “Куч – адолатдадир” сифатида тавсифланади. Ҳар икки талқинда ҳам бу ибора давлатни адолатли бошқариш мақсадларига ҳамоҳанглигини кўрсатади.
2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун. Давлатимиз герби 1992 йил “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун билан айнан шу кунда тасдиқланган.
Шу ўринда кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, гербимизда тоғлар, дарёлар ва буғдой бошоқларидан, чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водийни кўришимиз мумкин. Унинг узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккиз бурчак, унинг ички қисмида эса ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи сифатида қанотларини ёзган Ҳумо қуши акс этган. Гербнинг пастки қисмида “Ўзбекистон” сўзи битилган.
Дарҳақиқат, қай манзилда ва қай юртда бўлмасин, Давлат рамзларига ҳурмат билан қараш ўзини садоқатли, эл қадрини билган ҳар қандай шахснинг фахри ва бурчидир.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА