Давлат рамзи – Ватаннинг муқаддас тимсоли
2 июль – Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинган кун
Жорий йилнинг 2 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганига 29 йил тўлади.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши, унинг мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида тутган ўрни ҳақида Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Фируза МУҲИДДИНОВА ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Мамлакатимиз мустақилликка эришганига бир йил тўлиши арафасида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани катта тарихий воқеадир, – деди Ф.Муҳиддинова. – Давлат герби – давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзи сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.
Ўз навбатида, рамзлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Қадимда ва ҳозирги даврда ҳам кўплаб мамлакатлар ва халқлар ўз рамзлари орқали кенг танилмоқда. Жумладан, Францияда Эйфел минораси, Мисрда пирамидалар, Америка Қўшма Штатларида Озодлик ҳайкали бўлиб, рамзлар ҳам сиёсий, ҳам тарихий, ҳам маънавий бойликни ифода этади. Масалан, серенада Испания билан боғлиқдир.
Халқаро амалиётда қабул қилинган давлат рамзлари эса алоҳида ўрин эгаллайди. Жумладан, герб, байроқ ва давлат мадҳияси. Шунинг учун давлат рамзларига ҳам тарихий келиб чиқишидан тортиб, то ҳуқуқий асосларигача қизиқиш тобора ортмоқда.
Ўзбек давлатчилиги ўз тарихи ва ҳокимиятни ифодаловчи рамзларга эга бўлиб, улар аждодлар тамғаси, хоннинг муҳрларида ўз ифодасини топган. Ҳаммага тарихдан аёнки, сак қабилалари энг қадимги қабилалардан бўлиб, қабила ўз тотемига эга бўлган.
Шунингдек, қадимги туркий тамғалар турли даражада намоён бўлади: пўстин туркий хоқон, ябғу, тегин, улуғ раҳнамоларнинг олий ҳукмдорларининг қўлёзмалари, уруғ-қабила бирлашмалари герби, шахслар тамғалари ва патриархал оилалар (шахсий тамғалар, ҳатто номдор, зотдор отлари учун белгилар). Улар орасида қадимги туркий "хоқон" тамға тог силуэти шаклида кенг тарқалган.
Жумладан, тарихий манбаларда вохтамғали – Термиз, Шеробод, Жарқўрғон туманларидаги қишлоқдир. Вохтамғали аслида увоқ ёки увуқ (уч қисми эгик, ўроққа ўхшаш) шаклида бўлган. Тамғасига кўра, уруғ, уруғига нисбатан аҳоли маркази ном олган. Ўзбекларнинг увоқ, увоқтамғали, деган уруғи ҳам бор. Демак, ўзбек давлатчилиги тарихида герб ўзининг тарихий ривожига эга.
Юқорида таъкидланганидек, "Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига ҳам 29 йил тўлмоқда. Албатта, бу Ўзбекистон давлатчилиги учун энг муҳим воқеа саналади. Қомусимизнинг 5-моддасида “Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга”, дея рамзларимизнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилгани барчамизга аён. Мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлган байроқ, герб ва мадҳиямиз давлат ва халқ бирлигини намоён этади. Бу ўз эркига эга бўлган халқнинг кўнглини тоғдек кўтариб, миллий ғурур бағишлайди.
Шу маънода, гербимиз қабул қилинган қутлуғ сана муносабати билан унинг таърифию ҳуқуқий асосини яна бир карра эслаш жоиз, деб ўйлаймиз. Гербимиздаги тасвирлар Ўзбекистон сарҳадида қадимдан давлат ва халқлар мавжуд бўлгани, тарихий ривожланишидаги боғлиқлик ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Зеро, тамғадаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ранг, ҳар бир белгида халқ ва юртнинг тарихий-маънавий жиҳати акс этган. Жумладан, Ўзбекистон жаннатмонанд ўлка эканининг ҳақиқий манзараси тамғада ўз ифодасини топган. Асрлар давомида "оқ олтин", деб улуғланган ғўза чаноқлари очилган тасвир ўнг томондан бошланиб, чап томонда ризқ-рўзимиз бўлмиш буғдой бошоқлари, тоғу дарёлари бор гуллаган водий узра нур сочган қуёш тасвири туширилган тамға изоҳ талаб этмаслиги айни ҳақиқатдир.
Бир эътибор беринг-а, юқори қисмидаги саккизбурчак ичида яримой ва юлдуз азалий халқнинг истиқболини акс эттирган бўлса, бунинг мантиқий давоми сифатида гербнинг марказида қанотларини ёзган қадимий Ҳумо қуши бахт ва эрксеварликни намоён этган. Байроғимизни ифода этувчи чамбар лента гербнинг пастки қисмида “Ўзбекистон” деган ёзувга ҳамоҳанг яна миллий ғуруримизни орттиради.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунда гербнинг қандай кўринишга эгалиги, ҳатто рангларигача яққол ифодалаб берилган. Унга мувофиқ, мамлакатимиз фуқаролари, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган барча шахслар давлатимиз гербини ҳурмат қилиши шарт.
Давлат герби тасвири мамлакатимиздаги барча давлат ташкилотлари бинолари пештоқига ўрнатилган. Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатлардан жой олган. Бу эса гербнинг Ватанимиз шаъни, халқимиз ғурурини ёрқин акс эттиришининг ҳуқуқий кафолати, халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этган тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.
Зеро, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун бўлган юрт фуқароларида ҳам ҳуқуқий маданият, ҳам юксак маънавий қадрият бўлиши шартдир. Ана шу икки жиҳат аҳоли, айниқса, ёшларимизнинг ватанпарварлигини ҳамда қонунларга итоатгўйлигини таъминлайди. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас саналган. Шу боис уларни мард ва жасур кишиларга ишонишган. Юқорида таъкидлаганимиздек, гербимиз халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг муқаддас тимсолидир.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди