Давлат мукофоти соҳиби билан учрашув
Бухоро давлат педагогика институтида Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган иқтидорли талаба Меҳринисо Эргашова билан давра суҳбати ўтказилди.
Учрашувни олиб борган институт ректори Баҳодир Маъмуров ўз сўзида Меҳринисо Эргашевани ушбу юксак мукофот билан самимий табриклаб, унинг ютуғи тинимсиз меҳнат, изланиш ва билимга чанқоқликнинг самараси эканини таъкидлади. Шунингдек, ректор ёшларнинг билимга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида унга инсон камолоти учун муҳим бўлган китоблар тўпламини совға қилди ҳамда келгусидаги илмий ва ижодий фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.
Меҳринисо Эргашева Бухоро давлат педагогика институтининг биринчи босқич магистранти. Унинг бугунги муваффақиятлари изчил меҳнат, қатъият ва илмга бўлган юксак интилиш самарасидир. Тиришқоқ ва интилувчан ёш тадқиқотчининг нигоҳларида қадимий Бухоро алломаларидан мерос бўлиб келаётган илмга ташналик, қалбида эса замонавий билимларни эгаллашга бўлган шижоат акс этади. У нафақат билим олаётган талаба, балки таълим тизимига янгича ёндашувлар олиб киришга интилаётган изланувчан ёш тадқиқотчи сифатида ҳам эътиборга лойиқ.
Меҳринисо Бухоро вилояти Жондор туманининг файзли хонадонларидан бирида дунёга келган. Ёшлигиданоқ илм-фанга, айниқса, педагогика соҳасига катта қизиқиш билан улғайган. У олий таълим олишни Жиззах давлат педагогика университетида бошлаган бўлса, 2022 йилдан ўқишини Бухоро давлат педагогика институтида давом эттирди. Кейинчалик ушбу олий таълим муассасасининг магистратурасига қабул қилиниб, илмий изланишларини янада чуқурлаштиришга муваффақ бўлди.
Ёш тадқиқотчи фақатгина ўз соҳасининг назарий билимлари билан чекланиб қолмади. У замон талабларини чуқур англаган ҳолда чет тилларини ўрганишга ҳам катта эътибор қаратди. Бугунги кунда Меҳринисо рус, инглиз, корейс ва турк тилларида эркин мулоқот қила олади. Бу эса унинг халқаро илм-фан майдонида ҳам фаол иштирок этишига замин яратмоқда.
Ҳозирги кунда у “Умумий педагогика” мутахассислиги бўйича магистрант сифатида илмий фаолиятини давом эттирмоқда. Унинг асосий мақсади педагогика сирларини янада чуқурроқ ўрганиб, келажакда ёш авлодга сифатли таълим бериш, таълим тизимида замонавий ёндашувларни жорий этишдир.
Меҳринисонинг илмий изланишлари анъанавий таълим тажрибалари ва замонавий педагогик ғояларни уйғунлаштиргани билан аҳамиятлидир. Унинг “Ақлли PIRLS дастури” ҳамда мактабгача таълим соҳасига оид методик ишланмалари бугунги таълим тизими талаблари билан ҳамоҳанг. Бир нечта муаллифлик гувоҳномаларига эга бўлган ёш тадқиқотчининг ютуқлари замирида “Илм саодат калитидир” деган ҳаётий тамойил мужассам.
[gallery-28119]
Бугун Меҳринисонинг қувончига нафақат унинг оиласи, балки бутун вилоят аҳли шерик. Зулфия номидаги давлат мукофоти нафақат шахсий ютуқ, балки изланувчан ва интилишдан тўхтамайдиган барча ёшлар учун катта рағбат, вилоят таълим тизимига берилган муносиб баҳодир.
Давра суҳбати давомида Меҳринисо Эргашева Зулфия мукофотига эришиш йўлида олиб борган илмий изланишлари, ўқиш жараёнидаги интилиши, устозларининг қўллаб-қувватлаши ҳамда ёшлар учун муҳим бўлган билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди. Унинг самимий ва илҳомбахш фикрлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир давомида талаба-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди. Шунингдек, келгусида юксак марраларни забт этиш учун зарур бўлган муҳим маслаҳат ва тавсиялар ҳам берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари