Давлат фуқаролик хизмати янги ёндашувлар асосида ривожлантирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари раҳбарлари учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ривожлантириш, инсон ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда HR соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларнинг касбий компетенцияларини ошириш мақсадида ўтказилган семинарда давлат органлари ҳамда ташкилотларининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари раҳбарлари, меҳнат ҳуқуқи соҳаси экспертлари, Олий суд вакиллари ҳамда бошқа мутахассислар иштирок этди.
Ўқув-семинарнинг биринчи қисмида давлат органларида HR соҳасида учраётган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, давлат хизматига танловларни ташкил этиш ва ўтказиш амалиёти, вакант лавозимларга малака талабларини белгилаш, Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва HR рейтингини юритиш масалалари юзасидан тақдимотлар ўтказилди ҳамда иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.
Давлат фуқаролик хизматини рақамлаштириш йўналишида hrm.gov.uz платформасини янада такомиллаштириш, танлов жараёнларини автоматлаштириш, малака талабларига мувофиқликни рақамли баҳолаш ҳамда суҳбат босқичида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Семинарнинг иккинчи қисми меҳнат муносабатларига бағишланди. Унда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун нормаларини амалиётда қўллаш, давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш, хизмат муносабатларини расмийлаштириш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, интизомий таъсир чораларини қўллаш ҳамда меҳнат низолари бўйича амалий кейслар юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбир доирасида Олий суд билан ҳамкорликда очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда давлат фуқаролик хизматига оид меҳнат низолари бўйича суд амалиёти таҳлил қилиниб, давлат органларида меҳнат муносабатлари соҳасида учраётган ҳуқуқий муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.
Семинар тақдимот, амалий муҳокама, кейс-таҳлил ва савол-жавоб форматларида ўтказилди. Бу орқали иштирокчилар соҳадаги долзарб масалалар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда мутахассислардан амалий тавсиялар олиш имкониятига эга бўлди.
Мазкур ўқув-семинар давлат органларида инсон ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, HR соҳасида замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш, рақамли ечимлардан самарали фойдаланиш ҳамда профессионал давлат хизматчилари корпусини шакллантиришга қаратилган амалий мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
[gallery-https://uza.uz/uz/collection/30759]
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА