Давлат дастури: Ўзбекистон Қизил китобининг янги нашрини тайёрлаш белгиланган
Табиатни асраб-авайлаш, ундаги ноёб флора ва фаунани муҳофаза қилиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш бугун энг долзарб масалага айланиб бормоқда.
1997 йилда Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш маркази ва Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди ташаббуси билан 11 январь – Қўриқхона ва миллий боғлар куни сифатида ташкил этилган. Ушбу санадан кўзланган мақсад ҳам табиат неъматларини асраш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш ва янада кенгайтириш, бу каби масалаларга инсониятнинг эътиборини қаратишдан иборат.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракцияси аъзоси Моҳира Хўжаева ўз муносабатини баён қилди:
— Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, уларни бошқариш ва бутлигини сақлаш ҳамда самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳар бир давлатнинг биринчи даражали вазифаси ҳисобланади. Шу боис, сўнгги йилларда юртимизда ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш, табиий жараёнларни ўрганиш, экологик таълим-тарбияни такомиллаштириш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини яратиш ва ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тизимини 7 та давлат қўриқхонаси, 2 та давлат биосфера резервати, 12 та миллий табиат боғи, 12 та давлат буюртма қўриқхонаси, 6 та табиат ёдгорликлари, 3 та ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш бўйича питомниклар, республика ҳудудида мавжуд бўлган сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ташкил этади.

2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф- муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида ушбу мақомга эга ҳудудларни ривожлантириш асосий стратегик йўналишлардан бири сифатида қайд этилган. Концепция доирасида мамлакатда олиб борилган ишлар натижасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони 2024 йилда мамлакат умумий майдонининг 14,08 фоизига етказилди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2017 йилда 5,2 фоизни ташкил этган.
"Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" давлат дастури лойиҳасида яйловларнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бой бўлган истиқболли ҳудудларига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мақомини бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони кўпайиши баробарида мамлакатда иқлим ўзгаришлари шароитида биологик хилма-хиллик барқарорлигини таъминлашга туртки беради.
Ушбу дастурий ҳужжатда трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш чораларини кўриш, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг янги (олтинчи) нашрини тайёрлаш, мазкур китобга киритилган 4000 бош йўрға тувалоқ қушларини питомникларда кўпайтириш, табиатга қўйиб юбориш, истиқболли хом-ашёбоп доривор, озуқабоп ва техник ўсимликларнинг давлат рўйхати ва кадастрини яратиш каби муҳим вазифалар ҳам ўрин олгани эътиборга молик.
Дастур лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар барқарорлигини таъминлаш, фуқароларнинг Конституцияда белгиланган қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА