Ижтимоий тармоқларда пул эвазига ўқитувчиларни давлат аттестациясидан ўтказишга уринган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани хусусида хабарлар тарқалди.
Мазкур хабар юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ўтган йил январдан бошлаб мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг педагог кадрлари аттестацияси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказиб келинмоқда.
Малака (тест) синовларини (шунингдек, касбий сертификатлаш, менежерлик сертификати синовларини ҳам) шаффоф, адолатли, холис ўтказиш мақсадида ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн), FaceID– юзни таниб олиш орқали ўтказилади.
Афсуски, айрим педагоглар томонидан турли қинғир йўллар билан тоифа олишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ўтган малака синовларида турли тақиқланган воситалар, хусусан алоқа воситаларидан фойдаланиш ҳолати бўйича 200 нафардан ортиқ номзод синовлардан четлаштирилган.
Хусусан, жорий йилдаги синовларда республика бўйича жами 79 нафар, шу жумладан 68 нафари алоқа қурилмаларидан фойдалангани сабабли жараёнда иштирок этишга рухсат берилмаган.
Айрим кимсалар эса фирибгарлик йўли билан тестдан ўтказиб қўйишни ваъда қилиб, педагоглар ишончига кирмоқда, улардан пул олиб жиноятга қўл уриш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Ушбу ҳолатларни бартараф этиш, ҳар қандай турдаги қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тегишли органлар, хусусан Бош прокуратура билан ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун барча маълумотлар тергов органларига етказилмоқда.
Ноқонуний ҳолатга дуч келаётган педагоглар 71-202-09-09 Ишонч телефонига мурожаат қилиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА