Бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Исақулов маҳорат дарсини ўтди.
Олийгоҳнинг профессор-ўқитувчи, илмий изланувчилар ва талабалар иштирок этган ушбу тадбирда университет ректори Садриддин Туробжонов кириш сўзида мамлакатимиз энергетика соҳаси ривожида тажрибали энергетикларнинг ўгит ва тавсиялари ёш кадрлар фаолиятида жуда фойдали эканини қайд этди.
Таъкидланганидек, ушбу маҳорат дарсини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2024 йил 6 январдаги топшириғи ижросини таъминлашга қаратилган. Унга кўра, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети «Энергетика» факультети фаолиятини янада такомиллаштириш кўзда тутилган. 2024 йил учун мўлжалланган «Йўл харитаси»нинг 4-бандига биноан йил давомида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти мутахассислари ва соҳа фахрийларининг профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар билан учрашувини ташкил этиш режалаштирилган.
Маҳорат дарсида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Исақулов дунё энергетикаси, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон энергетикасидаги ўзгаришлар, мамлакатимизда олиб борилаётган энергетика ислоҳотлари ҳақида тўхталиб ўтди. Айниқса, устоз-энергетик соҳада қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш жараёни, «яшил энергия” манбаларини электр энергетика умумтизимига интеграция қилишдаги муаммолар, реактив ва актив қувват тушунчаси, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги, инвестиция лойиҳалари, ёш муҳандис кадрларга яратилаётган шароитларга асосий эътибор қаратди.
Дадажон Исақуловнинг таъкидлашича, Президентимиз Шавкат Мирзиёев етакчилигида мамлакатимиз энергетика соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай ишлар туфайли тизим фаолиятида ўзгаришлар юз беряпти.
– Айниқса, бугунги даврда ёшларнинг ўз орзусига эришиш учун барча имкониятлар бор. Уларга ҳар жиҳатдан ёрдам бериш ҳам давлатимиз сиёсатининг бош мақсадига айланди. Ана шундай ғамхўрлик туфайли ёшларга барча қулайликлар яратилган. Очиғи, сизларга ҳавасим келади. Сизлар бундай имкониятдан оқилона фойдаланиб, улкан ютуқларга эришиш йўлида фақат ўқинг ва изланинг. Мен энергетикани тиббиёт соҳасига ўхшатаман. Чунки тиббиётда мунтазам ўқиб-изланиш талаб этилади. Энергетика соҳасида ҳам тиббиётдагидек доимий изланиш керак. Техник талаблар асосида ўқиш ва тестлардан ўтиб туриш шарт. Чунки энергетикада ходим эътиборсиз бўлиши мумкин эмас. Ёшларга фақат илм олиш, билим-тажриба орттиришда доим чанқоқ бўлишни тилайман, –деди Д.Исақулов.
Қизғин савол ва фикр-мунозаралар асосида ташкил этилган маҳорат дарси якунида иштирокчилар ушбу унутилмас учрашувни видеолавҳа ва суратларда муҳрлади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА