Жўрабек Мирзамаҳмудов: Келажак энергетикаси бугунги илмий ташаббуслардан бошланади
Бугун Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ёш олимлари ва талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ҳамда талабалар иштирок этган тадбирда энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳанинг бугунги натижалари ва келгуси ривожланиш истиқболлари хусусида сўз борди.
Жўрабек Мирзамаҳмудов ўз чиқишида энергетика соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қувват таъминоти барқарорлигини таъминлаш, тармоққа инновацион технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди
Мулоқот давомида университетнинг Энергетика факультети фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур факультет 1961 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 60 йилдан ортиқ таълим ва илмий тажрибага эга йирик таълим даргоҳи сифатида шаклланган. Шу вақтга қадар факультетда 8 мингдан зиёд малакали битирувчилар тайёрланган. Айни пайтда 4 та кафедра, 4 та бакалавриат, 6 та магистратура ва 4 та докторантура ихтисосликлари фаолият юритмоқда.
Таъкидланганидек, факультет энергетика соҳаси учун замонавий билим ва кўникмаларга эга муҳандис кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Бу ерда таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлиги асосида энергетика тармоғининг бугунги ва истиқболдаги эҳтиёжларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрланмоқда.

Вазир бу каби таълим муассасалари келажак энергетикаси учун мустаҳкам асос яратаётганини таъкидлади.
– Энергетика соҳаси жадал ривожланмоқда. Энди фақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш етарли эмас, балки инновацион ёндашув, муҳандислик тафаккури ва илмий ишланмалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, университетлар ва уларда фаолият юритаётган ёш тадқиқотчилар янги давр энергетикасининг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Келажак энергетикаси бугунги илмий ташаббуслардан бошланади. Соҳада рақобатбардош кадрларни тайёрлаш учун таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади, – деди вазир.
Учрашувнинг савол-жавоб қисмида университет докторанти Эъзозбек Озодов сўзга чиқиб, сув ва энергетика соҳалари учун ишлаб чиққан 24 та стартап лойиҳаси ҳақида маълумот берди.
– Илмий фаолиятимиз давомида сув ва энергетика соҳалари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда 24 та стартап лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган асосий мақсад эса энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш, рақамли ечимларни кенгайтириш, технологик жараёнларни такомиллаштириш ва амалиётда қўллаш имкониятларини яратишдан иборат. Биз ушбу лойиҳаларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш ва инвесторлар билан ҳамкорлик қилишга қизиқамиз, – деди Э.Озодов.
Мазкур ташаббусларга муносабат билдирган вазир ёш тадқиқотчиларнинг ғоялари келгусида соҳа тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этиши, лойиҳалар аниқ иқтисодий ва технологик самарага эга бўлса, улар албатта қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Учрашув якунида ёшларнинг инновацион ғояларини рағбатлантириш, илмий ишланмаларни амалиёт билан уйғунлаштириш ва энергетика соҳаси учун замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА