
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида “Competizione dell' Opera-2023” итальян операси хонанда-ижрочилари халқаро танловининг якуний босқичи ўтказилди.
Ушбу танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 27 декабрдаги “Опера ва балет санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ёшлар учун жаҳоннинг машҳур опера асарларининг намойишини йўлга қўйиш, мухлисларни юксак маҳоратли санъаткорлар ижросидан баҳраманд этиш мақсадида ташкил этилди.

Мазкур ижодий лойиҳа илк бор 1996 йилда Германияда ўтказилган ва кейинчалик бутун Европада ва жаҳонда энг муҳим танловлардан бирига айланди.
Танлов итальян операсининг бор бойлиги ва гўзаллигини ўзида мужассам этган бўлиб, мамлакатимизда илк марта 2014 йилда ўтказилган эди. Ўшанда Барно Исматуллаева, Рамиз Усмонов сингари ўзбекистонлик опера хонандалари мазкур танловда ғолиб бўлган эдилар.

Мамлакатимизда ташкил этилган “Competizione dell' Opera-2023” халқаро танловида Туркия, Жанубий Корея, Россия, Грузия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан опера хонандалари иштирок этди.
Танлов якунига кўра, Хўжаназар Жумаев (Ўзбекистон) Гран-при мукофотига сазовор бўлди. Биринчи ўринга Юнхо Хван (Жанубий Корея), иккинчи ўринга Юлия Никонорова (Россия), учинчи ўринга Аминзода Жуманиёзов (Ўзбекистон) муносиб топилди. Ғолиблар диплом, махсус статуэтка ва пул мукофоти билан тақдирланди.

Назокат Усмонова, ЎзА